13

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари Улар замирида инсон тақдири ётади


Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 35-моддасида:

“Ҳар бир шахс бевосида ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”, - деб белгилаб қўйилган. Бундан шундай хулоса чиқадики, ҳар бир мурожаат замирида инсон тақдири ётади. Шунинг учун ҳар бир ариза, шикоят, таклифлар бе эътибор қолдирилмаслиги керак. Бош қомусимиз асосида 1994 йил 6 май Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқоридаги қонун фақат жисмоний шахсларнинг мурожаатларига хизмат қилар эди, у юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмасди. Мамлакатимизда ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар чуқурлашиб бориши мурожаатларни қабул қилиш, ариза таклиф ва шикоятларни ҳал этишда қонунга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилишини тақозо этарди. Шунинг учун 2014 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Энди қабул қилинган янги Қонуннинг аҳамияти ва моҳиятига тўхталсак. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки ҳалқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилишда нималарга эътибор беришлари керак? Мурожаатлар шакллари ва турлари нималардан иборат?

Аввало, мурожаатлар шакллари. Улар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Мурожаатлар турлари. Улар аризалар, таклифлар, шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Ариза – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонунинг манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат.

Таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни ўз ичига олган мурожаат.

Шикоят – бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.

Жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга экан, бу иш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Хеч ким бирон бир мурожаат қилишга ёхуд унга қарши қаратилган харакатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас. Мурожаат этиш ҳуқуқини амалга оширишни бошқа жисмоний ва юридик шахсларни ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак. Бу “Жимоний ва юридик шахсларни мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунинг 3-моддасида белгилаб қўйилган. Буни ваколатли давлат органлари, муассасалари ҳамда ҳалқ вакилларига мурожаат этувчи ҳар бир шахс билиб қўйса фойдадан холи эмас.

Нотариал идоралар жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза, таклиф ҳамда шикоятларни қабул қилувчи, уларга амалдаги қонунлар доирасида белгиланган муддатларда жавоб қайтарувчи давлат органи хисобланади. Ҳозирги кунда мазкур идораларда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни асосида мурожаатларни навбатма-навбат қайт этиш журнали юритилмоқда. Унда мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахснинг исми-шарифи, манзили, лавозими, мурожаатнинг мазмуни акс эттирилади. Мурожаатлар қачон ва қай тартибда кўриб чиқилиши, унинг муддатлари ҳақида мурожаат этувчига ёзма, оғзаки ёхуд электрон тарзида хабар берилади. Бу эса хар бир ариза таклиф ёки шикоят эътиборсиз қолиб кетишини олдини олади.

- жисмоний шахсларнинг мурожаатлари майлику-дейди “Дўрман замини” фермер хўжалиги рахбари Акмалжон Мирзаев, - аммо, юридик шахсларнинг давлат нотариал идораларга мурожаатлари қай тартибда кўриб чиқилади. Улар турли шартномалар, битимлар тузишади ҳамда бу хужжатларини тасдиқлатадилар. Шартнома битимларни тузиш тасдиқлашда турли ҳужжатлар, масалан газ, сув, электр энергияси, солиқ идораларидан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида маълумотлар талаб қилинади. Бунинг учун қанча идора, ташкилотга югуриш керак вақтдан ютказиш мумкин-ку?

Бу ўринли савол хозирги кунда хар бир юридик шахс ўзининг электрон манзилига эга. Шу асосда у турли операцияларни-ҳисоботларни топшириш, тўловларни амалга ошириш, ахборот олишда шу электрон манзилга таянади. Демак, мурожаат этувчилар ўз ариза, таклиф ва шикоятни давлат нотариал идорасига электрон тарзида юбориши мумкин. Нотариал идоралар ўз веб-сайти ва электрон манзилига эга. Қабул қилинган хар бир мурожаат бир неча дақиқаларда кўриб чиқилади. Мурожаат этувчининг алоқадор ташкилотлардан қарзи бор ёки йўқлиги, ўзаро молиявий ва бошқа муносабатлар ҳақидаги маълумотларни кўрсатилган ташкилотларни веб-сайтларидан оламиз. Шунга асосан шартнома, битимлар тузамиз ва тасдиқлаймиз ҳамда мурожаат этувчи қандай талабларни қўйган бўлса, улар ҳақида етарли маълумотларни тўплаймиз. Бунда электрон тарзида мурожаат қилувчига қуйидаги талаблар қўйилади;

Қонуннинг 6-моддасида “электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон хужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлган электрон шаклида бўлиши керак. Электрон хужжат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак”, - деб ёзиб қўйилган. Демак, анашу талаб камчиликларсиз бажарилиши зарур. Шунда мурожаат қилувчи ортиқча оворагарчиликлардан холи бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, хар бир ариза, таклиф, шикоят амалдаги қонунлар доирасида бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади. Агар мурожаатда кўрсатилган талаб қўшимча текшириб ўтказиш, хужжатларни қайта ўрганиб чиқишни тақозо этса, бу муддат узайтирилиши мумкин. Жисмоний ва юридик шахслар улар номидан иш кўрадиган вакилларни қабул қилиш куни, соати, жадваллари мавжуд. Бундан ташқари улар веб-сайтлар орқали эълон қилинади. Юқоридагиларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатлари тўғрисида”, “Давлат тили тўғрисида”, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа қатор қонуности хужжатларида ўз ифодасини топган. Давлат нотариал идора ходимлари амалдаги қонунларга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда муаммоларни ўз вақтида хал этиб уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаатлари қонуний ҳимоя қилиниши учун барча имкониятларни ишга солмоқдалар.

Б.Ибрагимов, Шаҳрихон тумани 4-сон ДНИ нотариуси