13

Ота-она хамда вояга етмаган болаларнинг хуқуқ ва мажбуриятлари


Оила жамиятнинг бирламчи бўғини хисобланади шунга кўра хеч муболағасиз айтиш мумкинки, оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор ва тинч тузилмасидир. Чунки бу муқаддас даргохда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва ахлоқан тарбия топади. Оила хаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган муқаддас тарбия ўчоғидир.

Бинобарин, оила эр- хотин, уларнинг бола-чақалари, энг яқин туғишганларидан иборат кишилар гурухи, яъни хонадон хисобланади, айни чоғда оила кишиларнинг табиий, иқтисодий, хуқуқий, маънавий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлиги хамдир.

Оила шундай маконки, унда авлодлар макон топади оила қанчалик мустахкам бўлса, жамият хам шунчалик мустахкам бўлади.

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга еткунларига кадар моддий таъминлаш ва тарбиялаш мажбурияти бу уларнинг болалар ва жамият олдидаги мажбуриятларидир. Вояга етиш ёши мамлакатимизда 18 ёш қилиб белгиланган.

Ота-оналар ўзларининг вояга етмаган фарзандларига нисбатан тенг хуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Оила қодексининг 65- моддасида боланинг оилада яшаш ва тарбиялаш хуқуқи хар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш хуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган холатлар бундан мустаснодир.

Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, хар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари хурмат қилиниши хуқуқига эга.

Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик хуқуқидан махрум қилинганда ва бола ота-она қарамоғидан махрум бўлган бошқа холларда унинг оилада тарбияланиш хуқуқи васийлик ва хомийлик органи томонидан таъминланади деб кўрсатиб қўйилган. Ота-оналар ўз фарзандларини умуминсоний қадриятлар ва анъаналар асосида тарбиялашлари лозим халқимизда болалар ота-оналарининг кўз ўнгида хамма вақт тарбияга мухтож бўлиб кўринадилар. Шунинг учун улар болалари тўла муомала лаёқатига етганларидан сўнг хам маънавий тарбияни давом эттираверадилар.

Ўзбекистон Республикаси Оила қодексининг 67-моддасида боланинг химояга бўлган хуқуқлари белгилаб қўйилган. Бола ўз хуқуқи ва қонуний манфаатларини химоя қилиш хуқуқига эга.

Боланинг хуқуқи ва қонуний манфаатларини химоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ушбу Оила Кодексида назарда тутилган холларда эса васийлик ва хомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.

Вояга етмаган бола қонунга мувофиқ тўла муомала лаёқатига эга деб эътироф этилса, у ўз хуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан химоя хуқуқини мустақил амалга оширишга хақлидир.

Оилада бола ўз фикр мулохазасини мустақил ифода этишга хақлидир. Бу хақида Оила Кодексининг 68-моддасида “Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли хар қандай масала хал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек хар қандай суд мухокамаси ёки маъмурий мухокама даврида сўзлашга хақлидир”- деб белгилаб қўйилган.

Ота-она ўз болаларини тарбиялаш хуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Улар ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Ота-она болаларнинг соғлиғи, жисмоний, рухий, маънавий ва ахлоқий камолоти хақида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун хуқуқга эга.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 74-моддасида болаларнинг хуқуқ ва манфаатларини химоя қилиш бўйича ота-оналарнинг хуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Болаларнинг хуқуқ ва манфаатларини химоя қилиш уларнинг ота-онаси зиммасига юклатилади. Ота-она ўз болаларининг қонуний вакиллари хисобланадилар хамда хар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда шу жумладан судда алохида ваколатсиз уларнинг хуқуқ ва манфаатларини химоя қиладилар.

Вояга етганлик ва мехнатга лаёқатлилик бу шахснинг муомала лаёқати билан боғлик холат бўлиб амалдаги фуқаролик ва оила қонунчилигига кўра у шахс 18 ёшга тўлгач тўла хажмда вужудга келади. Вояга етган фарзандлар ўз ота-оналари тўғрисида ғамхўрлик қилишлари лозим. Улар ўз ота-оналарига маънавий ёрдам беришга хамда кўмаклашишга мажбурдирлар. Ота-оналар турмушидан хабардор бўлиб сихат саломатлигига эътибор беришлари керак.

Бир сўз билан айтганда, бола ота-онанинг қувончи, фахри, бахтидир, эр-хотинни бир-бирига пайванд қиладиган хам фарзанддир. Болага мехр-мухаббат туйғуси оналарда ғоят кучли бўлади она ўз боласи туғилмасдан олдин уни севишга ва унга жонини хам беришга кодир. Халкимизда: “Она фарзандига ўз жонидан жон, ўз танидан тан ато этади”,-деб бежизга айтилмаган.

И.Джалилова, Жалақудуқ туман ФҲДЁ бўлими мудираси