11

Фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш жараёнлари


Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдан иборат. Ўз тараққиёт йўлини танлаган мамлакатимиз эришаётган муваффақиятлар Президентимиз И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва бутун дунёда эътироф этилган ислоҳотларнинг «ўзбек модели»ни ҳаётга татбиқ этишнинг амалдаги натижасидир.

Мамлакатимизда «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини изчил амалга ошириш доирасида аҳоли кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланадиган, мустақил иш олиб борадиган, барқарор фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ва моддий шароитлар яратилган.

Хусусан, Президентимиз томонидан Фуқаролик жамияти институтларинингролини янада ошириш бўйича Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Мамлакатимизни демократик модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти муттасил ошаётгани, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг фуқаролик онги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг барқарор ўсаётганидан далолат беради. Бу эса кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва жамғармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Улар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг институтлари тузилмасини ташкил этади ва фуқароларнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни бажаришда фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, фуқаролик институтларининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш кафолатлари, уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беришга оид тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу борада қабул қилинган жами икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари мамлакатимизда фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 23 июнда қабул қилинган «Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ушбу ижобий жараённи ривожлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишда фуқаролик институтлари ролини кучайтириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармонлик фаоллигини оширишга ёрдам бермоқда.

Мамлакатда демократик ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан фуқаролар онги, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг нечоғли ривожланганига боғлиқдир. Шу боис мустақилликнинг дастлабки кунларидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонунларни ҳурмат қилиш, ўзининг конституцион ҳуқуқлари, Ватанимиз тақдирига, мамлакатимиз ҳамда дунёда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлигини англаш туйғусини шакллантириш муҳим вазифалардандир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг муҳим вазифаси сифатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданияти даражасини оширишга доир яхлит тизим яратилган.

Фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистонда аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, шахс ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва унинг институтларини ислоҳ этиш ҳамда демократлаштириш, ривожлантириш жараёни такомиллашаётганидан далолат беради.