26

Шартнома интизоми томонлар ўртасидаги ишонч демакдир


Собиқ Иттифоқ тузуми даврида тузум таркибига кирган республикалар “тепадан” белгиланган тартиб асосида бошқариларди. Мазкур даврда Ўзбекистонга бутун совет тузумини пахта хомашёси билан таъминлаш вазифаси юклатилган эди.

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, пахта майдонлари қисқартирилиб, бошқа турдаги экинлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръатлари кескин оширилди.

Бунинг натижасида хорижий давлатлар билан мева-сабзавот етказиб бериш юзасидан шартномалар тузилиб, тегишли тартибда ижрога қаратиб келинмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, Андижон вилоятидаги фермер ва деҳ­қон хўжаликлари билан жами 549,8 минг тонна мева-сабзавот, полиз, узум ва картошка етиштириш бўйича шартномалар тузилди.

Биргина вилоятимизда 2016 йил мева-сабзавот ҳосили учун 549.8 минг тонна, ғалла ҳосили учун 243.000 тонна ва 260.600 тонна пахта хомашёси етиштириш топширилган бўлиб, мазкур базани яратиш учун вилоятдаги пахта, ғалла ва боғдорчилик ҳамда сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари тузилиб, тегишли тартибда ижрога қаратилган.

Мазкур қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун вилоят адлия бошқармаси томонидан тарафлар ўртасида тузилган шартномаларга зарур ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилиб, тузилган шартномалар бошқарма ходимлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар натижасида жами 5519 та шартнома тузилишида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли тартибда бартараф этилди.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 77 та тақдимнома, 9 та маъмурий ва жиноий таклиф ҳамда судларга 217 та 3 миллиард 65 миллион сўмлик ва 90 нафар мансабдор шахсдан етказилган моддий зарарни ундириш мақсадида даъво аризалар киритилди.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 89 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган, шундан 9 нафари лавозимидан озод этилди. 14 нафар мансабдор шахс маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган ва хўжалик судларига киритилган даъво аризаларнинг 3 миллиарддан зиёди ундирилди. Киритилган тақдимномалар асосида 4 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъектларга 10 миллиарддан ортиқ пул маблағи тўлаб берилишига эришилди.

Жумладан, бошқарманинг 2016 йил 1-ярим йиллик иш-режасига асосан Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 17 апрелда 1794-сон билан рўйхатга олинган “Супер элита”, элита ва кейинги авлодларга мансуб бошоқли дон экинлари уруғларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом ижроси Пахтаобод туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида ўрганилганда фермер хўжаликлари ўртасидаги танлов юқоридаги низом талаблари асосида ўтказилмаганлиги, яъни ўрганиш жараёнида жами 52 та ҳолатда қонунбузилишига йўл қў­йилгани аниқланди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги низом ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2005 йил 18 ноябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига риоя этилиши аҳволи ўрганилганда жами 425 та ер майдонини туман захирасига қайтариш ва ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича ва 551 та фермер хўжалигини юритишда ер участкаларини бериш бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, адлия органлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект­ларидан, шу жумладан, фермер хўжаликларидан уларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Эндиги вазифа Президентимиз Фармони, ҳукумат қарорларининг ижросини таъминлаш ва бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашдир.

Л.Турдиқулов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими