Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш механизмини соддалаштириш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Барчамизга маълумки, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга катта туртки бўлди.
Фармонда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларни хизмат кўрсатувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилиши белгиланди.
Юқоридаги Фармон ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.
Шунингдек, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилди.
Шу билан бирга, адлия органлари зиммасига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида вилоятда ташкил этилган 17 та туман (шаҳар) “Ягона дарча” марказларига 146 нафар, шундан 17 нафар туман (шаҳар) марказ раҳбарлари ва 129 нафар марказ мутахассислари тўлиқ суҳбатдан ўтказилиб, 20 нафар ҳуқуқшунос, 50 нафар иқтисодчи, 12 нафар молия банк ҳамда 64 нафар солиқ ва бошқа мутахассисликларга оид малакали ходимлар ишга қабул қилинди.
Вилоятдаги барча марказлар бинолари тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари асосида марказлар балансига ўтказилди. Замонавий талаблар асосида тўла таъмирланди ва жиҳозланди.
Ҳаттоки, вилоятнинг чекка ҳудудлари ҳисобланадиган Улуғнор, Хонобод ва Бўз туманлари марказлари биноларида узлуксиз қўшимча электр таъминоти ҳамда иситиш мосламалари ўрнатилди.
Марказлар жами 594 та мебель жиҳози, 169 та компьютер, 31 та сканер, 44 та принтер, 17 та факс ҳамда видеокузатув мосламалари билан таъминланди.
Шунингдек, марказга ташриф буюрган тадбиркорлик субъектлари учун компьютер хизмати хоналари ташкил этилиб, унда LEX.UZ қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилди.
Хусусан, 2016 йил 1-ярим йиллиги давомида вилоятдаги марказлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан жами 4.630 та ариза қабул қилиниб, уларга давлат хизматлари кўрсатилди. Мазкур кўрсатилган хизматлар натижасида тадбиркорлик субъектларининг 4.219 та мурожаати қаноатлантирилиб, лицензиялар, рухсат берувчи гувоҳномалар, техник шартлар ва хулосалар олиб берилди.
Президентимизнинг 2006 йил 24 майдаги Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда “Ягона дарча” марказлари томонидан ҳисобот даврида жами 8.207 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилди. Шундан, 6.421 тасининг электрон тарзда интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтказилиши таъминланди. Мазкур кўрсатилган хизматлардан “Ягона дарча” марказлари ҳисоб рақамига 1.244.799.982 сўм маблағлар келиб тушиб, ушбу маблағлар белгиланган тартибда Низом талаблари асосида фақат “Ягона дарча” марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, иш ҳақи тўлашга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиб келинмоқда.
Туман (шаҳар)лар “Ягона дарча” марказлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалиётдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси, вилоят ҳокимлиги, вилоят Савдо-саноат палатаси ва давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда режа асосида доимий равишда семинар машғулотлари ўтказиб борилиши йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу эса иқтисодий ислоҳотлар самарасини белгиловчи мезондир.
М.Каримов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими