14

Ўзбекистон: эришган ва эришаётган ютуқлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда


Мамлакатимиз инсоният тарихининг учинчи минг йиллигига мустақил давлат сифатида қадам қўйиб, икки аср чорраҳасидаги сўнгги йигирма беш йил том маънода Ватанимиз узра ҳуррият қуёши балққан шарофатли давр сифатида мозий саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда. Ортга назар ташлар эканмиз, босиб ўтилган йўл, эришилган ютуқларни сарҳисоб қилганда, тарихан қисқа даврда бозор иқтисодиёти тамо­йилларига асосланган ҳуқуқий демократик давлатнинг, кучли фуқаролик жамиятининг мустаҳкам пойдевори яратилганига амин бўламиз.

Ўтган йигирма беш йил тамаддун тарихи қаршисида жуда оз муддат, албатта. Бироқ шу фурсат ичида кечган янгиланиш ва бунёдкорлик, муҳими, халқимиз онгу тафаккурида бўлаётган ўзгаришлар, жумладан, маънавий юксалиш, комилликка интилиш каби фазилатларнинг чуқур илдиз отаётганлиги, миллий истиқлол ғояларига садоқат туйғуларининг собитлиги бўлиб, бу эса, ҳеч шубҳасиз, уларни мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, фидойилик ва ташаббускорлик намуналарини кўрсатишга чорламоқда.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” дастуриламал бўлиб, аслида унинг тамал тоши истиқлолнинг дастлабки йилларида қўйилганини бугун дунёнинг таниқли сиёсатшунослари ҳам алоҳида таъкидламоқда. Унинг замон талабини акс эттирган илғор ғоя ва ташаббуслар мажмуи сифатида кенг ўрганилаётганининг боиси ҳам шунда. Буни дунёнинг айрим давлатларида кўппартиявийлик тизимидан чекинилаётган бир шароитда Президент ваколатларининг бир қисми давлат ҳокимиятининг бошқа субъ­ектларига ўтказиш ташаббусининг илгари сурилгани Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятини ривожлантиришга бирламчи масала сифатида эътибор қаратилаётгани билан изоҳламоқ жоиз. Бу — ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантиришга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Шунингдек, Концепцияда давлат аҳамиятига молик муҳим вазифаларни ҳал этишда давлат ҳокимияти тармоқларини, хусусан, Парламентни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий пар­тия­ларнинг ролини ошириш, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, шунингдек, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган.

Албатта, буларнинг барчаси истиқлол туфайли инсон омили, унинг манфаатлари устувор тутилганлигининг амалий ифодасидир. Уни мамлакатимизда миллатлараро тотувлик мисолида изоҳлайдиган бўлсак, бу борадаги анъаналар авлоддан-авлодга ўтиб, мустақиллик йилларида миллатлараро тотувлик республикамиз қўлга киритган энг катта ютуқлардан биридир.

“Мустақиллик — ҳуқуқ демакдир”, деган таъриф ҳам истиқлолнинг нечоғлик буюк ва улуғворлигидан далолатдир. Дарҳақиқат, ҳеч муболағасиз айтиш ўринлики, Ватанимиз мустақиллиги хал­қимизга ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга бўлиш имконини берди.

Конституциямизнинг иккинчи бўлимида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳу­қуқлари, эркинликлари ва бурчлари билан боғлиқ ўн­лаб меъёрлар, масалан, яшаш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик, айбсизлик презумпцияси, инсон шаъни ва обрўси, тураржой дахлсизлиги, мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод ҳамда виждон эркинлиги каби табиий, яъни инсон туғилганидан кейин бутун ҳаёти давомида фойдаланиши зарур бўлган ҳуқуқ­лари, шунингдек, жамият ва давлатни бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этиш, жамоат бирлашмалари (касаба уюшмалари, сиёсий пар­тиялар ва нодавлат ташкилотларининг бошқа турлари)да иштирок этиш, бевосита ва бошқалар билан биргаликда тегишли жойларга мурожаат қилиш каби сиёсий ҳамда мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шарои­тида ишлаш, ишсизликдан ҳи­мояланиш, дам олиш, қариганда, меҳнатга лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўл­ганда ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш каби ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ўз ифодасини топгани ва булардан фуқароларимиз тўлиқ фойдаланаётгани ана шу ҳақ-ҳуқуқнинг бекаму кўст қарор топаётганидир.

Масалан, инсоннинг яшаш ёки шахсий дахлсизлик ҳуқуқини таъминлаш жараёнида кейинги йилларда юртимизда муҳим амалий ишлар қилинди. Хусусан, ўлим жазосининг бекор қилингани, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилгани бу йўналишдаги катта қадамлардир.

Мустақиллигимизнинг ўтган дав­рида ёшларнинг билим олиш ҳуқуқини (Кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилгани, 12 йиллик мажбурий таълим олишга эришганимиз) ёки ҳар бир шахснинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (замонавий асбоб-ускуна ёки жиҳозлар ёрдамида ташхис қўйиш), мулкдор бўлиш (хусусий мулкни кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш) каби ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ изчил ислоҳотлар натижасида фуқаролар жамиятда ўзини нафақат эркин ҳис этмоқда, балки мамлакатимизни модернизация қилишда бунёдкор кучга айланмоқда.

Истиқлол туфайли тарихан қисқа даврда Ўзбекистон ҳар томонлама тез суръатлар билан ривожланиб, куч-қудрати ва салоҳияти жадал юксалиб бораётган мамлакатга айлангани республикамизда амалга оширилаётган оқи­лона ислоҳотлар натижасидир. Истиқлолимизнинг ўтган 25 йили арафасида том маънода тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида жамиятимизнинг бар­ча жабҳаларида ривожланиш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, халқаро ҳамжамиятда давлатимиз нуфузини юксалтириш ва энг муҳими, тинчлик, осойишталик барқарор бўлган эркин фуқаролик жамиятини қуриш даври бўлди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, инсон учун!” тамойилига асосланган. Иқтисо­диётнинг тадрижий ва мутаносиб ри­вож­ла­ниши аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати изчил ошиши учун мустаҳкам негиз яратди. Бунга остона ҳатлаб кўчага чиқишимиз билан ҳар қадамда гувоҳ бўламиз. Бу ҳамюртларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Том маънода ҳар бир йилга давлат эмас, инсон манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий аҳа­мият берилиши, шу асосда Давлат дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилиши фикримизнинг яққол далилидир.

Мамлакатимизда 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб аталиб, Давлат дастури қабул қилинди. Халқимизда “Тўрт мучанг соғ бўлса, бахтинг бутун бўлади”, деган нақл бор. Чиндан ҳам, инсоннинг вужуди ва онги соғ­лом бўлсагина, юриш-туришида файз, турмушида хотиржамлик, меҳнатида барака бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, уни халқаро андазалар даражасига кўтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани кутилган натижа бермоқда. Чунончи, скрининг орқали инсон дунё­га келмасиданоқ унинг саломатлиги назоратга олиниши ва умр бўйи малакали тиббий ёрдам билан таъминланиши мамлакатимизда тиббиёт эришган ютуқларнинг залворлисидир. Модомики, сўз инсон умри хусусида бораркан, унинг истиқлол йилларида 7-8 ёшга ошганлиги мустақиллик инъом этган хазинанинг бебаҳо жавоҳиридир.

Соғ танда — соғлом ақл, деб бежиз айтишмаган. Бугун юртимиз ёшлари халқаро танлов, мусобақа ва ареналарда эришаётган ютуқлари қисқа даврда биз ўзимизни ўтмиш билан эмас, ривожланган мамлакатлар марралари билан қиёслашимизга имкон беради.

Албатта, буларнинг барчаси юртимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, руҳан тетик, интеллектуал жиҳатдан етук бўлиб камол топиши, ҳар томонлама билим олиши ва касб эгаллаши учун барча имкониятлар яратилганлигининг самарасидир. Хусусан, сўнгги 5 йилда ёшлар учун мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан ортиқ сузиш ҳавзалари қуриб, реконструкция қилинди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, мамлакатимизда узлуксиз таълимнинг жадал ривожланиб бораётган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун зарур мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган ўзига хос тизим яратилишига эришилди. Айниқса, амалга ошириладиган ишларнинг ҳар томонлама самарадорлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётганлигини эътироф этиш лозим. Хусусан, 1990 йилда Давлат бюджетининг 17,9 фоизи таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилган бўлса, бугун бу кўрсаткич 34,2 фоиз ортиб, мамлакатимиз йиллик ялпи ички маҳсулотининг 10-12 фоизини ташкил этаётгани ҳам бундан далолат беради.

Мамлакатимиз эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмокда. Хусусан, АҚШнинг Колумбия университети таниқли социологлари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки, Умумжаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти каби халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилган ста­тис­тик маълумотлар ва социологик тадқиқотлар натижалари асосида тузилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтинги эълон қилинди. Бу рейтингда Ўзбекистон 158 та мамлакат орасида 44-поғонада, Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида эса биринчи ўринда қайд этилган. Бундан ташқари, бизнинг мамлакатимиз “Бахт индекси” ҳар йилги ўсиш кўрсаткичида биринчи ўнталик давлатлари қаторидан ўрин олган.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, “Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият” этиб эътироф этилган юртимизда унда яшовчи халқлар, энг аввало, ёшларда юксак ҳуқуқий маданиятни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бў­лишни шакллантириш, фуқароларнинг қонунга итоаткорлик туйғусини янада оширишга хизмат қилиш баробарида мустақиллигимизнинг улуғворлиги, эртанги кунимизга бўлган ишончи ва интилишини янада кучайтириши шубҳасиздир.

А.Каримов,Андижон вилоятадлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари