Оила никоҳдан бошланади. Никоҳ расмий, қонун асосида ўтказилгандагина ҳақиқий ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг биринчи моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши лозимлиги кўрсатилган. диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий ахамиятга эга эмас. Никоҳланувчилар ФҲДЁ бўлимларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.
Оила қонунчилигида ФҲДЁ органи узрли сабаблар бўлганда. Аризачиларнинг илтимосларига кўра бир ойлик муддатни қисқартириши мумкин.Балоғатга етмаганларнинг никоҳга киришининг олдини олиш, уларнинг соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида ҳамда оилани қуриш учун маълум хаётий тажриба, жисмоний ва маънавий етуклик талаб қилинишини эътиборга олган холда, қонунда никоҳ ёшини эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланган.
Узрли сабаблар бўлган, алоҳида ҳолларда никоҳ ёши эркак ва аёлларга бир ёшга камайтирилиши мумкин. Бу сабабларга, масалан: никоҳга кирувчи аёл хомиладор бўлиб қолиши, бир тараф оғир касал бўлган ёки харакатдаги харбий хизматга кетаётгани ва бошқа шунга ўхшаш ҳоллар киради. Бунда никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман(шаҳар) ҳокимининг қарори билан никоҳ ёши кўпи билан бир йилга камайтирилиши мумкин.
Никоҳ, никоҳга кирувчиларнинг ихтиёрийлиги, эркин розилиги асосида тузилади. Никоҳни тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Агар шахс ўз хатти-харакатлари оқибатни тушунмайдиган холда (қаттиқ мастлик, руҳий ҳолатнинг вақтинча бузилиши) ёки алдов оқибатда никоҳдан ўтган бўлса, бундай никоҳ қонунда белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилади.
Никоҳ тузишга мажбур қилиш қонун билан таъқиқланади. Аёлни ўз эркига хилоф равишда эрга тегишга мажбур қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддасига кўра жазоланади.
Никоҳга кириш ҳақидаги аризани беришда шахсни тасдиқловчи хужжатлар: паспорт, харбий билет, офицер ёки прапоршикнинг шаҳсий гувоҳномаси, никоҳланувчиларнинг бири илгари никоҳда бўлган бўлса, никоҳдан ажраганликни тасдиқловчи хужжат (гувоҳнома ёки суд қарори), никоҳни ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори, эр-хотиндан бирининг ўлими тўғрисидаги гувоҳнома кўрсатилиши керак.
Никоҳ никоҳланувчиларнинг ҳоҳишига кўра тантанали равишда қайд этилиши мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:
1.Никоҳга кирувчиларнинг лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда бўлса.
2.Насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар (бобо, буви, ота-она, фарзандлар, невара ва чеваралар) ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида.
3.Никоҳга кирувчиларнинг лоақал биттаси руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки акли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.
Мамалакатимиз қонун хужжатларида кўп хотинлик тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 126-моддасига кўра кўп хотинлик, яъни икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш жиноят ҳисобланади.
Маълумки, қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида кўпчилик болалар ногирон бўлиб туғилишади, Шифокорлар фикрича, яқин қариндошлар: амаки, хола, тоға ва амакиваччаларнинг фарзандлари ўртасидаги никоҳ муносабатлари ҳам салбий оқибатларга олиб келади.
Рухий касаллиги бўлган шахснинг касаллигини беркитиб, балки никоҳ муносабатлари натижасида тузалиб кетади деб айрим ота-оналар қонун бузилишига ҳам йўл қўядилар. Натижада никоҳ бекор қилиниши, оилада ногирон фарзанд туғилиши каби фожиалар ҳам суд амалиётида учраб туради.
З.Жалилова, Улуғнор туман ФҲДЁ бўлими мудираси