22

Кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштиришда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддада “Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади” деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 535-моддасига асосан Мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади”.

Дарҳақиқат, республикамизда мулкни бошқаришнинг ўзига хос усулларидан бири бўлган ижара муносабатларини кенг йўлга қўйиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, бўш турган бино ёки иншоотни ижарага олиш кичик бизнес вакиллари ва тадбиркорлар учун энг мақбул йўл ҳисобланмоқда. Табиийки, бу жараёнда мулкни ижарага олиш ёки беришнинг йўл-йўриқлари ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлиш муҳим омил саналади.

Фуқаролик кодексининг 537-моддасида “Мулк ижарасининг объектлари” қайд этилган бўлиб, унга кўра Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин”.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 539-моддаси талабига мувофиқ “Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим”.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 540-моддасига биноан, мулк ижараси шартномаси шартномада белгиланган муддатга тузилади.

Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса – уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 573-моддасида “Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси” кўрсатилган бўлиб, Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади”.

Фуқаролик кодексининг 574-моддасига биноан “Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тарафлар имзолайдиган битта ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади.

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

Фуқаролар ўртасида тузилган бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисидаги” Қонуни 3-моддасига мувофиқ “Ижара муносабатларининг объекти” айрим бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари, инвентарлар, асбоблар, бошқа моддий бойликлар бўлиши мумкин.

Шунингдек, “Ижара тўғрисидаги” Қонуннинг 5-моддасига кўра “Томонларнинг ихтиёрийлиги ва тўла тенг ҳуқуқлилиги асосида маълум муддатга тузиладиган ижара шартномаси ижара муносабатларининг юзага келишига асос бўлади.

Шунингдек, “Ижара тўғрисидаги” Қонунга мувофиқ ижара шартномасида:

ижарага берилаётган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати, уни ижарага бериш тартиби;

ижара муддати;

ижара ҳақи шартлари ва миқдори, уни тўлаш муддатлари;

ижарага берувчи ижарачига бериши керак бўлган мол-мулкнинг ҳолати;

ижарачининг мол-мулкдан фойдаланиш шартлари;

шартноманинг амал қилиши тўхтатилганидан кейин ижарачининг мол-мулкни ижарага берувчига қандай ҳолатда ва қай тартибда қайтариши;

ижарага берилган мол-мулкни тиклаш ва таъмирлаш юзасидан томоннинг мажбурияти;

тўла амортизациядан сўнг мол-мулк кимга қарашли бўлиш шартлари;

агар ижарага олинган мол-мулк кейинчалик сотиб олиш шарти билан топширилаётган бўлса, уни сотиб олиш шартлари, тартиби ва муддати;

ижарага олинган мол-мулкни иккиламчи ижарага бериш шарти, тартиби ва имконияти;

ижарага олувчи ижарага берувчига тақдим этадиган ахборотнинг кўлами ва ахборотни бериш муддатлари;

томонларнинг масъулияти кўзда тутилади.

Фуқаролик кодексининг 541-моддасига асосан ижарага берилаётган мол-мулк топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида топширилиши лозимлиги тарафларга тушунтирилиши ва бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йил 30 мартдаги буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 133-бандига мувофиқ мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

ижара нарсаси умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги.

Ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишлидир. Қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ҳам ижарага берувчи бўлишлари мумкин.

Ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкнинг камчиликлари учун жавобгардир, ижарага олувчи эса мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаб бориши шарт.

Ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ижарага берувчининг розилиги билан иккиламчи ижарага (қўшимча ижарага) топширишга, мулк ижараси шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижара), ижарага олинган мол-мулкни текин фойдаланиш учун беришга ҳақли.

Ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкни, бинони ва ҳоказоларни ўз ҳисобидан капитал таъмирлаши шарт.

Ижарага олувчи мол-мулкни яхши ҳолда сақлаши, ижарага олинган мол-мулкни ўз ҳисобидан жорий таъмирлаши ва сақлаш бўйича бошқа харажатларни қилиши лозим.

Кўчмас мулк ижара шартномасини бекор қилиш учун шартномани бекор қилмоқчи бўлган тараф иккинчи тарафни уч ой илгари ёзма огоҳлантирилиши лозим.

А.Зулунов, Хонобод шаҳар ДНИ нотариуси