11

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги Низомнинг мазмун-мохияти юзасидан


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Адлия вазирининг 2011 йил 30 сентябрдаги буйруғи билан “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Мазкур Низом фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.

Мамлакатимизда ФҲДЁ органлари тизимини туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари, Никоҳ уйлари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ФҲДЁ архивлари ташкил қилади.

ФҲДЁ органларини ташкил қилиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади. ФҲДЁ органлари фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уларни назорат қилиш Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

ФҲДЁ органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.

ФҲДЁ органларининг фаолияти қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилишини ва уларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни сир тутиш тамойилларига асосланади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш муносабати билан ходимга маълум бўлиб қолган ҳолатлар хизмат сири ҳисобланиб, улар ошкор этилиши ёки эълон қилиниши мумкин эмас.

Ушбу Низом билан ФҲДЁ органларининг вазифаси ва функциялари белгилаб қўйилган. Унга кўра ФҲДЁ органлари фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш йўли билан фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатади. ФҲДЁ органлари фуқаролик ҳолати далолатномалари (туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ва ўлим)ни қайд этади, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини тиклайди ва бекор қилади. Бундан ташқари, ФҲДЁ органлари уларга юклатилган вазифага мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг ҳисобини юритиш, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ва бошқа ҳужжатларни белгиланган муддатда сақлаш, фуқароларга фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд қилинганлиги ҳақида гувоҳномалар, зарур ҳолларда такрорий гувоҳномалар, далолатнома ёзувларидан нусхалар ва маълумотномалар бериш. қатъий ҳисобда турувчи гербли гувоҳнома бланкаларини ҳисобга олиш, сақлаш, сарфлаш ва бу ҳақда белгиланган муддатларда ҳисоботлар топшириб бориш, мурожаатларни белгиланган муддатларда ва тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этиш, оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари юзасидан ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш каби қатор функцияларни амалга оширади. Фуқароларнинг хоҳишига кўра никоҳни ва туғилганликни тантанали равишда қайд этади.

Шунингдек, ФҲДЁ органлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда фуқаролар ва ташкилотлардан фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш, ФҲДЁ соҳасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва адлия бошқармаларига ва Адлия вазирлигига киритиш, қонун ҳужжатларига зид бўлган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этишни рад қилиши, фуқароларга пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқларга эга.

ФҲДЁ органи раҳбарлари ва инспекторлари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари тадбиркорлик ва бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас. ФҲДЁ органи раҳбарлари захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириб бориш Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. ФҲДЁ органи ходимларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тегишли мансаб йўриқномаларида белгилаб қўйилади.

ФҲДЁ органи раҳбари (туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири, Никоҳ уйи мудири, адлия бошқармалари ФҲДЁ архиви мудири) лавозимига йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга эга бўлган, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик, шу жумладан ФҲДЁ органида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тайинланиши мумкин. ФҲДЁ органи раҳбари адлия бошқармалари раҳбарлари томонидан Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

ФҲДЁ органининг 1-тоифали инспектори лавозимига олий юридик маълумотга ва 2-тоифали инспектори ёки архивариус лавозимига юридик мутахассислик бўйича, қоида тариқасида, ўрта махсус маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тайинланади.

О.Гафуров, Хўжаобод туман ФҲДЁ бўлими мудири