Андижон вилоят адлия бошқармасига жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисида 96 та мурожаат келиб тушган, шундан 36 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб,
19 та мурожаат холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Шунингдек, бошқарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 14 та мурожаатдан 11 таси тўлиқ қаноатлантирилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаати асосида уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 64 та 24 миллион сўмлик иш ҳақи ҳамда мансабдор шахслардан маънавий зарар ундириш бўйича даъво аризалар киритилди. Киритилган даъво аризалар натижасида 24 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи ва мансабдор шахслардан 1.145.000 минг сўмлик маънавий зарар ундиришга эришилди.
Масалан, Марҳамат туманида яшовчи фуқаро М.Асқарованинг 191.047 сўм нафақа пули Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Марҳамат туман бўлими томонидан тўлаб берилмаётганлиги юзасидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Андижон вилоят бошқармасига тақдимнома киритилиб, фуқаро М.Асқаровага 191.047 сўм нафақа пули ундирилиб, айбдор ходимга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, Асака туманида яшовчи фуқаро Р.Хусановнинг фарзанди Б.Хусановга 254.730 сўм ногиронлик нафақа пули Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака туман бўлими томонидан тўланмаётганлигидан норози бўлиб ёзган аризаси ўрганилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Андижон вилоят бошқармасига тақдимнома киритилди. Ва фуқаро Б.Хусановга 254.730 сўм тўланмай қолган ногиронлик нафақа пули ундириб берилди.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида бошқарманинг “Ишонч телефони”га 14 та мурожаат келиб тушган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 11 таси қаноатлантирилиб, 2 тасига ҳуқуқий тушунтириш ва 1 таси тааллуқлилиги бўйича бошқа вилоятга юборилди.
Жумладан, Улуғнор туманида яшовчи фуқаро З.Нематовнинг Андижон вилоят “Сувоқава” ДУКдан иш ҳақларини узоқ вақтдан буён ололмаётганлигидан норози бўлиб, бошқарманинг “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганилиб,
64 нафар ишчи ходимларнинг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан 24.803.903 сўм асосий иш ҳақидан бўлган қарздорлик ҳамда 1.145.000 сўм маънавий зарар ундириб берилди.
Бир сўз билан айтганда, бу йўналишда амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад битта — қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.
Х.Ахмедов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими