Оила демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида жуда муҳим вазифаларни бажаради. Энг аввало, у инсонни камол топтиради, ижтимоий қадриятлар ва миллий анъаналарни авлоддан-авлодга ўтказишда асосий занжир вазифасини ўтайди.
Оила – халқимиз учун миллатнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос бўлган ғоят муҳим ҳаётий қадриятлардан биридир. Мамлакатимиздаги ижтимоий демографик аҳволнинг муҳим хусусияти – жамиятнинг асоси бўлган кучли оила тизимидир.
Биламизки, асосий Қонунимиз бўлмиш Конституциямизнинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Ҳақиқатан ҳам, жамиятни оиласиз тасаввур этиб бўлмайди.
Демократик ҳуқуқий давлат ва бозор иқтисодиётига асосланган очиқ фуқаролик жамиятни қуриш бизнинг асосий мақсадимиз экан, шундай жамиятни, давлатни қуришда, равнақ топтиришда оиланинг ўрни беқиёсдир. Бундай жамиятни қуришда, уни ривожлантиришда келажак авлоднинг хизматлари бениҳоя каттадир. Келажак авлод жамиятни, давлатни шакллантиришда қатнашиши билан бирга, шу жамиятда яшайди, ундан баҳра олади. Авлоднинг ҳар томонлама – маънавий, маърифий, иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан баркамол эканлиги давлатимизнинг гуллаб-яшнаши учун асосий омилдир. Келажак навқирон авлод қўлидадир. Бундай авлодни тарбиялаш учун биз қура бошлаган жамиятнинг табиатига монанд келадиган, унинг хусусиятларини ўзида мукаммал акс эттирадиган оилани барпо этиш зарур.
Шунинг учун ҳам оилани сақлаш, уни мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада кўп ишлар қилиниб келинмоқда.
Хусусан, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан Ўзбекистонда 2012 йил “Мустаҳкам оила йили” – деб белгиланиши ва бунда “оила олдида турган вазифаларни ҳар томонлама амалга ошириш – авваламбор, моддий, маънавий, бугун ўта долзарб бўлиб бораётган тарбиявий муаммоларни ечиш, оиланинг барча ташвишларини осонлаштириш каби муҳим масалаларни ҳал этиш билан боғлиқлиги” оилани мустаҳкамлаш, унинг жамият ва давлатдаги барқарорлигини таъминлашнинг асосий элементлардан бири сифатида қараши муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг қарори билан 2012 йил 27 февраль куни “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши айтиш мумкинки, ҳозирги кун руҳияти, ҳозирги кун талаби ва эҳтиёжи даражасида қабул қилинганлиги айни муддаодир.
Дастур доирасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб амалга татбиқ этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларимизни янада юксак босқичга кўтариш мақсадида 2016 йил юртимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши ҳам, бу борадаги эзгу ишларимизни янада такомиллаштиришга катта бир асос бўлди десак, янглишмаган бўламиз.
Зеро, мамлакатимизда мустақилликка эришганимиздан сўнг соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласини ўзимиз учун энг муҳим, устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Бу соҳада мамлакатимиз томонидан зарур ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш, миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилганлиги, барчамизга яхши маълум.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ана шу йўналишдаги кенг кўламли ишларимизнинг давоми ҳақида гапирганда, биргина мисол тариқасида бугунги кунда Тошкент шаҳрида Жанубий Корея давлатининг беғараз ёрдами билан қиймати 130 миллион 600 минг доллар бўлган кўп тармоқли замонавий болалар шифохонасининг қурилиши бошланиши, бу мажмуанинг – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, тўртинчи, яъни энг юқори даражага эга ноёб тиббиёт масканининг яқин келгусида фойдаланишга топширилиши соғлом авлод тарбияси йўлида улкан қадам бўлиши шубҳасиздир, деб таъкидлаган эди.
Мазкур Дастурнинг устувор вазифалари ва амалга оширилиши йўналишлари этиб оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик сув, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш белгиланди.
Бу борадги ишлардан кўзланган энг асосий мақсад, оиланинг турмуш тарзини, фаровонлигини, тинч-тотув яшашини таъминлашдан иборатдир. Зеро, оила тинч бўлса, жамият ҳам тинч бўлади.
Ф.Гулямов, Адлия вазирлиги масъул ходими