Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилиниши билан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Конституциямизда белгилаб берилган ҳокимиятлар бўлиниши тамойили бириктирилди. Судларнинг фаолиятини қонун устуворлигини, ижтимоий адолат, фуқароларнинг тинчлиги ва ўзаро тотувлигини таъминлашга қаратиш кўзда тутилганди.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда ҳуқуқий давлат тузилишининг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва либераллаштириш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Судлар ўзларига хос бўлмаган суд қарорларини ижро қилишдек функциядан озод бўлдилар.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларидаги муҳим босқич сифатида 2000 йил декабрида янги таҳрирда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилинишини кўрсатиш мумкин. Унда суд ислоҳотлари ва суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари борасидаги халқаро ижобий тажриба ҳамда мустақиллик йилларида тўпланган илғор тажрибадан кенг фойдаланилди ҳамда судлар фаолиятининг янада демократлаштирилиши ва такомиллаштирилиши назарда тутилди. Судларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини такомиллаштириш, одил судловни амалга ошириш тезкорлиги ва сифатини ошириш мақсадида мазкур Қонунда мавжуд умумий юрисдикция судлари негизида судларнинг ихтисослашуви ҳамда ҳудудий бўлиниши назарда тутилди. Кассация инстанциясида ишларни кўриб чиқиш тартиби ислоҳ қилинди. Ушбу инстанцияда кучга кирган суд қароридан норози бўлган фуқаролар шахсан ва бевосита ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини қўлга киритдилар.
Бундан ташқари, Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тизим ислоҳотларида янги даврни бошлаб берди. Концепция асосида ишлаб чиқилиб, парламент палаталари томонидан қабул қилинган ҳамда яқинда Президентимиз томонидан имзоланган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун бу борада муҳим аҳамият касб этади. Суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу ҳужжат билан «Прокуратура тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодексларига муайян ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, судга қадар иш юритиш босқичида прокурор ва терговчи томонидан қўлланиб келинган айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судья санкцияси асосида амалга ошириш тартиби жорий этилди. Бундай чорани қўллаш учун асос етарли бўлган ҳолларда прокурор, терговчи процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради ва уни прокурор судга юборади. Бундан ташқари, илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан якка тартибда, ёпиқ суд мажлисида материал келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соат ичида кўриб чиқилади. Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиш муддатини узайтириш ҳам суд ихтиёрига берилди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш ҳамда жиноят процессида «Хабеас корпус» институтини қўллаш амалиёти йўлга қўйилди.
Президентимизнинг 2013 йил 2 августда қабул қилинган «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борада рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим қадам бўлди. Унда судьяликка биринчи марта тайинланган (сайланган) шахсларнинг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Олий суд ва Олий хўжалик судида тайёргарлик ва стажировка ўташи, шунингдек, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ҳам кўзда тутилган. Ушбу янгиликлар судьялар зиммасидаги масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.