10

Шартли васиятнома тушунчаси


“Шартли васиятнома тушанчаси” ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало, васият ҳақида гапириб ўтишни лозим деб топдим.

 Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси “васият” деб эътироф қилинади. Албатта, васият ҳақида тушунчага эга бўлган фуқарода унинг қандай туртибда ва қандай мол-мулкларга нисбатан тузилиши ҳамда мол-мулкни кимларга васият қилиб қолдириш мумкинлиги ҳақида саволлар пайдо бўлиши табиийдир.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васиятнома бир томонлама битим ҳисобланади. Васият қилувчи уни ўз хоҳиш-иродасига кўра тузиб, шахсан ўз қўли билан имзолайди. Лекин айрим ҳолларда, хусусан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1124 ва 1125-моддалари, «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддасида баён этилганидек, васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан имзолай (ўқий) олмаса, унинг илтимосига кўра, васиятномани бошқа шахс имзолаши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу васиятнома матнида тегишлича қайд этилиб, васият қилувчининг васиятномани шахсан имзолай (ўқий) олмагани сабаблари кўрсатилади.

Қонунда васиятноманинг асосан нотариал тасдиқланган шаклигина қонуний ҳисобланиши қатъий белгилаб қўйилган. Фуқаролик кодексининг 1126-моддасида айрим мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалар ҳам нотариал тасдиқланганга тенглаштирилиши кўрсатиб ўтилган.

Васиятнома муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, уни тасдиқлаш қонун доирасида жамиятнинг энг ишончли вакили ҳисоблаган нотариусларга юклатилган. Демак, нотариусга катта масъулият юкланиб, инсоннинг вафотидан сўнг ундан қоладиган мол-мулкига ким эгалик қилиши борасидаги хоҳиш-иродасини қоғозга тушириб, тасдиқлаш топширилган.

Бироқ нотариуснинг вазифаси фақатгина васият қолдирувчининг васиятдаги имзосини тасдиқлашдан иборат эмас. У васият қолдирувчига васият қолдиришнинг асл мақсадини, қонун-қоидаларини тушунтирмоғи лозим.

Васиятнома фуқаролик жамиятининг энг демократик институтларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1121-моддаси шартли васиятнома ҳақида бўлиб, модда мазмуни қуйидагича баён этилган:

“Васият қилувчи мероснинг олиниши учун меросхўр хулқ-атворининг хусусиятини қонуний равишда шарт қилиб қўйишга ҳақли.

Меросхўрни тайинлаш ёки ворислик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармойишга киритилган ғайриқонуний шартлар ҳақиқий бўлмайди.

Васиятномага киритилган бўлиб, меросхўр ўз саломатлигининг аҳволига кўра ёки бошқа объектив сабаблар туфайли бажара олмайдиган шартлар меросхўрнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин”.