Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланиб, 2012 йил 25 декабрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонун суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Энг муҳими, ушбу қонун қабул қилиниши билан тезкор қидирув фаолиятига оид қонунчилик мустаҳкамланиб, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг мақсади тезкор қидирув хусусиятидаги тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишга йўналтирилган.
Унинг қабул қилиниши демократик давлатларнинг умумэътироф этилган амалиётига мос келади ҳамда жиноятларни содир этилишининг дастлабки босқичларидаёқ олдини олиш ва ўз вақтида тўхтатиш бўйича чораларнинг самарадорлигини, шунингдек, суриштирув ва дастлабки тергов сифатини оширишга хизмат қилади.
Қонунда Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари Ўзбекистон ҳудудида тезкор қидирув фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга экани, бошқа давлат органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шаҳслар томонидан тезкор қидирув фаолиятини олиб бориш таъқиқланиши назарда тутилган.
Қонуннинг 4-моддасида тезкор қидирув фаолиятининг асосий вазифалари қайд этилган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш масаласи устивор вазифалардан бири этиб белгиланган. Шунингдек, 13-моддада тезкор қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумот берилган. 5-9-моддаларда эса тезкор-қидирув фаолиятининг қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устиворлиги, конспирация, ошкора ва ноошкора усуллар уйғунлиги каби принциплар акс этган. Бу эса ушбу қонуннинг умумҳуқуқий, конститутциявий тамойилларга мансублиги ва демократик талабларга жавоб беришини англатади.
Қонуннинг 7-моддасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устиворлиги принципига бағишланган. Ушбу модда фаолиятнинг асосий вазифаларидан тортиб, тадбирлар ўтказиш шартларигача бўлган жараённи қамраб олади.
Шунингдек, 7-моддада “Тезкор қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, мазкур органлар ва уларнинг рахбарлари ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни тиклаш, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда айбдорларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шарт” деган талаб қўйилган.
Қонунда тезкор-қидирув 16 та тадбирдан иборат қилиб белгиланган. 16-модданинг биринчи қисмида ёзишмалар, телефон орқали ва бошқа сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланиши, шунингдек, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқларини чекловчи тезкор қидирув тадбирлари ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилиши белгиланди.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахсларни, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш масаласи ҳам шу пайтгача очиқ қолаётган эди. Қонуннинг 23-моддасида унинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Унда ушбу шахслар давлат ҳимоясида экани, шунингдек, белгиланган тартибда тақдирланиш ҳуқуқига эгалиги алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, кўмаклашаётган шаҳслар ва уларнинг оила аъзолари ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ҳақиқий таҳдид юзага келса, белгиланган тартибда махсус ҳимоя чора-тадбирлари кўрилиши, шунингдек, бир йўла бериладиган нафақа, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан пенсия тайинланиши назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, тезкор қидирув фаолияти тўғрисидаги Қонун тезкор қидирув тадбирларини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари фаолиятининг либераллашувига олиб келади, қонунийликка риоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини яратади ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.