13

Оталикни белгилаш тушунчаси


Мамлакатимизда мустақиллик эълон қилингандан сўнг ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оила мустаҳкамлигини мустаҳкамлаш ва оилалар фаровонлигини ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан қонунчилик базаси яратилди.

Муҳтарам Президентимиз И.Каримов таъкидлаганидек, “Оила жамиятнинг негизи, бизнинг давлатимизни ҳам катта бир оила деб тушуниш мумкин. Бунда ўзаро ҳурмат ва каттиқ тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирига нисбатан меҳр-оқибат кўрсатмаса, яхши ва муносиб яшаш мумкин эмас.Оила турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилади, ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади, оилада демократик негизларга асос солинади, одамларнинг талаб-эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади. “Ўзбекларнинг аксарияти ўзининг шахсий фаровонлиги тўғрисида эмас, балки оиласининг, қариндош-уруғлари ва яқин одамларининг, қўшниларининг омон-эсонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўяди. Бу эса энг олий даражада маънавий қадрият, инсон қалбининг гавҳаридир”.

Оила – бу инсоният ҳайётининг абадийлигини таъминлайди, фарзандлар ота-онаси бошлаган эзгу ишларни давом этишини амалга оширувчи муқаддас бир даргоҳдир. Бу муқаддас даргоҳ миллатнинг урф-одатларини сақлашга, келажакда фарзандлар қандай инсон бўлиб етишга таъсир кўрсатувчи тарбия ўчоғидир.

Оила – бу икки инсоннинг истак ва хоҳшида қуриладиган бино. Қурилган бинонинг пойдевори қанчалик мустаҳкам бўлса, у ҳар нарсага чидамли бўлиб, кўп йиллар хизмат қилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, фақат ФҲДЁ органларида тузилган никоҳгина қонуний ҳисобланади ва у эр-хотин ва болалар учун ҳуқуқ ва бурчлар келтириб чиқаради. Қонунда кўрсатилган тартибда расмийлаштирилган никоҳгина оилани вужудга келишига асос бўлади. Никоҳнинг тузилиши оилавий муносабатларни бошланишидан далолат беради. Никоҳ давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб, шунингдек, эр-хотин ва болаларнинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш мақсадида қайд этилади.

Бундан ташқари “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 7-моддасида таъкидлаб ўтилганидек, “Бола туғилган заҳоти рўйхатга олинади ва туғилган дақиқасидан бошлаб исм билан аталиш ва фуқароликка эга бўлиш, шунингдек, иложи борича, ўз ота-онасини билиш ва уларнинг ғамхўрликларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқларини олишга ҳақли ҳисобланади”.

Никоҳ иттифоқининг табиий натижаси оила қуриш, болаларни биргаликда тарбиялаш экан, боланинг насабини, ота-онасининг кимлигини, кимга қон-қариндош бўлишини белгилаш муҳим ҳуқуқий аҳамиятга эга, чунки қонун боланинг насабига қараб, ота-оналар билан уларнинг болалари ўртасида муайян ҳуқуқларни вужудга келтиради ҳамда бир-бирига нисбатан муайян бурчлар юклайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 4-моддасига асосан “Оиланинг, оталик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиниши”нинг кўрсатилиши оталикни белгилаш масалаларини янада жонлантиради. Бу норма бевосита оналик билан бир қаторда оталик ҳам давлат томонидан муҳофаза қилинишига имконият яратди. Мазкур норманинг мазмунида боланинг насл-насабини аниқлаш ва отанинг фамилияси ҳамда исмини болага ўтишининг қонун билан белгиланиши ва муҳофаза қилиниши ифодаланади.

Оталикни белгилаш тушунчаси ўзаро қонуний никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган боланинг мазкур отадан туғилганлик фактининг ота-онанинг аризаси ёки суд қарори асосида тасдиқланишини назарда тутади. Оталикни белгилаш тушунчаси, биринчидан, болаларнинг насл-насабини белгиловчи, иккинчидан, бола ва ота-она ўртасида ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқарувчи асос сифатида вужудга келади. Қонунда белгиланган тартибда оталиги белгиланган болалар ота-онаси ва қариндошларига нисбатан қонуний никоҳда туғилган болалар билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси”нинг 25-моддасида “Никоҳда туғилган ва никоҳсиз туғилган болалар бир хил ижтимоиий муҳофазадан баҳраманд бўлишлари керак”лиги кўрсатилган. Шу сабабли, қонуний никоҳдан ўтмаган шахслардан туғилган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари қуйидагилардир:

Оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

Жамиятимизда ҳар томонлама ва тўлақонли оилани шакллантириш ва унинг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш;

Ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган боланинг насл-насабини белгилаш воситаси сифатида уларга ФҲДЁ органи ёки суд орқали оталикни белгилашга йўл қўйилиши;

Оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш;

Ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонуний никоҳда туғилган болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига тенглаштириш;

Ота ва оналарнинг биргаликда яшашидан қатъий назар, болага бўлган муносабатларда уларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш.

Давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири бу тўлақонли оилани шакллантириш ва муҳофаза қилиш экан, бу борада ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга эришиш ва никоҳсиз яшаш ҳолатларига барҳам бериш учун ҳар биримиз маъсулдирмиз.

Жамиятда ҳар бир ота-онанинг ўрни қандай бўлмасин, қайси ҳунар эгаси бўлмасин, орзу ва хаваслари қанчалик бисёр бўлмасин, оила ҳар биримиз учун муқаддас бир даргоҳдир. У ҳамиша жамиятимизнинг асосий таянчи бўлиб қолади. Сабаби, унда пок қалбли, жисмонан соғлом, баркамол фарзандлар дунёга келиб, келажагимиз равнақига ўз хиссаларини қўшадилар.