10

Фермер хўжаликларига маблағ қайтарилди


Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, нотариат, адвокатура, ФҲДЁ органлари ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва улар самарадорлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида Андижон вилояти адлия бошқармаси салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Жорий йилнинг 1-ярмида тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш ва рўйхатга олиш жараёнини соддалаштиришга, шартномавий интизомни мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди.

Бошқарма томонидан жами 5 миллиард 864 миллион 386 минг 110 сўмлик 875 та даъво аризаси суд идораларига киритилди. Судлар томонидан 3 миллиард 968 миллион 147 минг 063 сўмлик 746 та даъво аризаси қаноатлантирилди.

Тадбиркорлик субъектлари иштирокида бошқарма ходимлари томонидан жойларда 6 та туман (шаҳар)да “Очиқ эшиклар” куни ташкил этилиб, тадбиркорлик соҳасида қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларида кўрсатилган имтиёзлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Энди мисоллар ҳақида тўхталадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 мартдаги “Адлия органларида махсус “Ишонч телефони” ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом талаби бўйича бошқармада ташкил қилинган “Ишонч телефони”га Андижон шаҳрида фаолият олиб бораётган “Самарбону элит” МЧЖ раҳбари ОАТБ “Қишлоқ қурилиш банки” вилоят минтақавий филиали томонидан кредит ажратилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, кредит олиш учун банк ходимлари талаб қилган ҳужжатлар Жамият раҳбари томонидан таъминлаб берилган бўлсада, 2013 йилнинг 19 февралига қадар кредит ажратилмаган. Шу боис адлия бошқармаси ОАТБ “Қишлоқ қурилиш банк” вилоят минтақавий филиалига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритди. Натижада, банк томонидан жамиятга 200 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.

Шунингдек, бошқарма ноқонуний текширишларга ҳам барҳам бериб келмоқда. Хусусан, “Тагус текстиль” Ўзбекистон — Британия қўшма корхонасида Избоскан туманлараро давлат архиви ходими Д.Валиев томонидан архив иши ва иш юритиш, ҳужжатларнинг сақланиш ҳолати бўйича ноқонуний текшириш ўтказилган. Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани судининг 2013 йил 4 июндаги қарори билан Д.Валиевга энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баробари миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

Хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, фермер хўжаликлари билан етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш, моддий техника ресурслари етказиб бериш, хизмат кўрсатиш бўйича жами 18071 та шартнома тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 3906 та ҳолатда шартноманинг тузилиши бўйича, 2007 та ҳолатда шартномаларнинг бажарилиши бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича судларга 621 та даъво аризаси, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан 88 та тақдимнома, қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан 406 та огоҳнома, 89 та кўрсатма киритилди. Киритилган даъво аризалардан 376 та 1 миллиард 67 миллион 200 минг сўмлик қисми судлар томонидан қаноатлантирилди.

Ўрганилган хўжалик юритувчи субъектларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ҳисобот давригача киритилган тақдимномаларга асосан 461 миллион 600 минг 200 сўм маблағ (мазкур маблағларнинг барчаси фермер хўжаликларига қайтарилди) ундирилиши таъминланди, 43 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Шундан, 7 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.