Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда мулкий ислоҳотларнинг янги босқичи амалга оширилиши натижасида мулк ва мулкдорлик тушунчаларига бўлган қарашлар тубдан ўзгариб, хусусий мулкчиликка кенг эьтибор қаратилганлиги мулкий муносабатларда хусусий манфаатларни ҳимоя қилиш тизими ва кафолатлари сезиларли даражада кучайганлиги мол-мулкнинг иқтисодий муомала объекти бўлишини таьминлашга катта ҳисса қўшди.
Иқтисодий қонунчилик тизимини хусусий мулк кафолатларини мустаҳкамлаш йўлидан ривожлантириш республикамизда мулкий муомаланинг самарали тартибга солиниши учун асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан мулкий муомаланинг ўзига хос шакли бўлган мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва мазкур шартномани қўллаш амалиётини такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Мол-мулкни ишончли бошқариш муносабатларида бошқарув муассисининг ўрни, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари муҳим ўрин тутади. Ишончли бошқарув муассиси бевосита мол-мулкни ишончли бошқариш муносабатларининг вужудга келишида асосий субъект ҳисобланади ва айнан унинг хоҳиш-иродаси асосида мазкур ҳуқуқий муносабат юзага келади. Гарчи ишончли бошқариш муассиси ҳар доим ҳам мол-мулк мулкдори бўлмаса-да, мол-мулкни тасарруф этиш ваколати берилган шахс мақомига эга бўлади.
Зеро, мол-мулкни фуқаролик муомаласига киритиш орқали мулкдор ва тадбиркор даромадларини оширишнинг самарали усулларидан бири мол-мулкни ишончли бошқариш ҳисобланади. Қоидага кўра мол-мулкни ишончли бошқариш, асосан, тадбиркорлик фаолиятида қўллаш учун ишлаб чиқилган ҳуқуқий конструкция ҳисобланади ва ҳар қандай мол-мулк эмас, айнан тадбиркорлик муомаласига киритиш орқали даромад олиш мумкин бўлган мол-мулк мазкур муносабатнинг объекти бўлади. Бунда ишончли бошқариш учун энг мақбул объект корхоналар ҳисобланади. Зеро, корхона фуқаролик ҳуқуқининг ҳам объекти, ҳам субъектидир. Уни ишончли бошқариш орқали мулкдор - муассис ҳам, ишончли бошқарувчи ҳам ўз даромадини ошириши мумкин.
Фуқаролик қонунчилигида корхонанинг фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатидаги мақоми ва у билан боғлиқ битимларга қўйиладиган талаблар белгиланган. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 85-моддаси 1- ва 3-қисмларига кўра бутун корхона мулкий комплекс сифатида кўчмас мулк ҳисобланади. Мулкий комплекс бўлган корхона таркибига унинг фаолияти учун мўлжалланган ҳамма мулк турлари, жумладан, ер участкалари, бинолар, иншоотлар, ускуна, инвентар, хомашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек, корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлақ ҳуқуқлар (агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса) киради.
Корхонани фуқаролик муомаласига киритганда, хусусан, уни ишончли бошқарувга берганда, гарчи унинг таркибида кўчар мол-мулклар мавжуд бўлса-да, у кўчмас мулк - яхлит мулкий комплекс сифатида берилиши лозим ва тузилган ишончли бошқариш шартномаси ҳам кўчмас мулкка оид битимлар каби расмийлаштирилиши зарур. Корхонанинг фуқаролик муомаласига бутун комплекс сифатида киритилиши «Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 58-моддаси 1-қисмида ҳам белгиланган бўлиб, унга мувофиқ, агар шартномада ёки қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мулкий мажмуа сифатидаги бутун корхонанинг ипотекасида гаров ҳуқуқи унинг таркибига кирувчи барча мол-мулкка (кўчар ва кўчмас мулкка), талаб қилиш ҳуқуқи ва мутлақ ҳуқуқни қўшган ҳолда, жумладан, ипотека даврида олинган шундай ҳуқуқларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Корхонанинг ишончли бошқариш объекти бўлиши Фуқаролик Кодексининг 851-моддасида белгиланган. Унга биноан, корхоналар ва бошқа мол-мулк комплекслари, кўчмас мулкка мансуб алоҳида объектлар, қимматли қоғозлар, алоҳида ҳуқуқлар ва бошқа мол-мулклар ишончли бошқариш объектлари бўлиши мумкин. Бироқ корхона таркибига кирувчи ушбу объектларнинг барчаси ҳам мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасининг объекти таркибига кирмаслиги мумкин. Масалан, корхонанинг ишчанлик обрўси шахсий номулкий ҳуқуқлар жумласига киради ва у мол-мулкни ишончли бошқариш объекти бўла олмайди.
Фуқаролик Кодексининг 854-моддаси 2-қисмига биноан, кўчмас мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси уни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома учун назарда тутилган шакл ва тартибда тузилади. Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши қайси тартибда давлат рўйхатидан ўтказилса, бу мулкни ишончли бошқаришга топшириш ҳам шу тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Бу ҳақдаги шартнома тегишли кадастр органлари томонидан рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 857-моддасида ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга кўра “Ишончли бошқарувчи қонунда ва мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган доирада ишончли бошқаришга топширилган мол-мулкка нисбатан мулкдор ҳуқуқларини амалга оширади. Ишончли бошқарувчи эса бошқарувнинг муассисига ва фойда олувчига мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси билан белгиланган муддатларда ва тартибда ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиб туради”.