Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш тамойилининг таъминланиши ҳақиқий демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда амалга оширилаладиган демократик ислоҳотлар марказида ҳар доим биринчи ўринда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари туради. Бошқача айтганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ижтимоий ривожланиш ва давлат қурилишининг, бутун ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим устуворлиги деб белгиланган.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳурмат қилишга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган ҳуқуқий соҳа ташкил этилган, демократия ва фуқаролик жамиятининг асосий институтлари шакллантирилди, ҳуқуқни қўллаш амалиёти йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда.
Хусусан, Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида адлия органлари зиммасига юкланган вазифалар билан бир қаторда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги далиллар аниқланган ҳолатларда қонунга мувофиқ уларни тиклаш чораларини кўрмоқда, бундай қонунбузарликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан эса қонуний таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилмоқда. Бундан ташқари, фуқаролар манфаатлари учун судларга даъво аризалари киритилмоқда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол бузилган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки судларга мансабдор шахсларни жавобгарликка, ҳаттоки, жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифлар тақдим этилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Андижон вилоят адлия бошқармасига фуқаролардан ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисида 69 та мурожаат қелиб тушган. Кўриб чиқилган мурожаатлардан 30 таси қаноатлантирилган, 27 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 4 таси асоссиз деб топилган, 6 таси тааллуқлилиги бўйича бошқа идораларга кўриб чиқиш учун юборилган. Ўрганиш натижасига кўра, аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан 14 та тақдимнома, 5 та кўрсатма ва 32 та огоҳнома, айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш ва ишга тиклаш юзасидан ваколатли идораларга 7 та таклиф, фуқаролик ишлари бўйича судларга 56 та даъво аризалар киритилди. Таъсир чоралар натижасида 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди, 3.500.000 сўм фуқарога тўлаб берилди. 6 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 нафар фуқаро қайта ишига тикланди.
Шунингдек, ишонч телефонига қилинган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 47.079.729сўмлик иш ҳақи ва мансабдор шахсдан фуқароларга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича судларга 75 та даъво аризалар киритилиб, суднинг қарорига кўра ушбу даъволарнинг 74 таси қаноатлантирилди. Мансабдор шахсдан 1.275.000 сўм миқдорда маънавий зарар ундирилди.
Масалан, Андижон вилояти адлия бошқармасига Андижон туманида яшовчи фуқаро Р.Қобулов ва бошқалар туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ўзлари яшаб турган уйларининг электр энергиясини огоҳлантирмасдан кунига 7-8 соатлаб чеклаб қўйилаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганиш натижасига кўра, “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” ОАЖга қонун ҳужжатлари бузилишини, уларнинг сабабларини ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, айбдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан тақдимнома киритилди. Мазкур Тақдимномага асосан, Андижон туман электр таъминоти корхонасининг тегишли ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти куриш йўлида амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад - қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклашдир. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.