Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас” деб, белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимиздан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маъмурий ишларни кўришда адолат нормаларига риоя этиш борасида қатъий талаблар қўйилган.
Жумладан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 8-моддасида “Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳеч ким қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибдан бошқача тарзда таъсир кўрсатиш чорасига тортилиши мумкин эмас.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қонунийликка риоя қилиш асосида олиб борилади.
Тегишли ваколат берилган органлар ва мансабдор шахслар маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини ўз ваколатлари доирасида қўллайдилар.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун таъсир кўрсатиш чораларини қўлланиш чоғида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ваколатли юқори турувчи органлар ва мансабдор шахслар томонидан мунтазам равишда назорат қилиб турилиши, шунингдек, прокурор назорати билан, шикоят бериш ҳуқуқи билан таъминланади.
Аммо, ваколат берилган айрим органлар ва мансабдор шахслар томонидан белгилаб берилган нормалардан четга чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Масалан, Олтинкўл туманидаги “КЕЗАР ТЕКС” МЧЖ шаклидаги хорижий сармоя иштирокидаги корхонада мониторинг ўтказилган. Ушбу мониторинг натижасига кўра корхонада 2013 йил 07 февралдан 12 февралга қадар Андижон вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ходимлари томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича текшириш ўтказилганлиги шунингдек, текшириш ўтказиш жарёни ва текшириш якунлари бўйича таъсир чоралари қўллашда Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси Давлат инспекциясининг тегишли ходимлари томонидан бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланган.
Текшириш якуни бўйича “КЕЗАР ТЕКС” МЧЖ шаклидаги хорижий сармоя иштирокидаги корхона тикув цехи бошлиғига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмидаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлиги ҳақида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 281-моддаси талабларига зид равишда ҳуқуқбузарнинг шахсига оид маълумотлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти, ана шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат кўрсатилмаган. Ҳуқуқбузарга ушбу Кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилмаган ва бу хусусда баённомага ёзиб қўйилмаган.
Юқоридагиларга асосан вилоят адлия бошқармаси томонидан Андижон вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси раҳбари номига ноқонуний қарорни бекор қилиш ва қўлланилган маъмурий жазони бекор қилиш ҳақидаги тақдимнома киритилиб, 2013 йил 04 сентябрдаги буйруқ билан ноқонуний равишда қабул қилинган қарор бекор қилиниб ноқонуний жарима суммаси унинг эгасига қайтарилди.