Мамлакатимизда Конституцияямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллиги кенг нишонланди. Мазкур Конституция инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларини олий қадрият сифатида тан олувчи суверен демократик давлат барпо этишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Конституциямизнинг бош ташаббускори ва муаллифи – Президентимиз Ислом Каримов асарлари, маъруза ва нутқларида мустақил, суверен ва демократик Ўзбекистон Республикасини барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётган Асосий Қонунимизнинг наинки туб мазмун-моҳияти, айни чоғда буюк тарихий аҳамияти атрофлича ва теран тавсифлаб берилган.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, Конституциямиз ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган беқиёс ва тарихий ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддима, “Асосий принциплар”, “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари”, “Жамият ва шахс”, “Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши”, “Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши”, “Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби” деб номланган 6 та бўлим, 26 та бобни ташкил этган 128 моддани ўз ичига олади.
Мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат хусусиятларига хос қуйидаги асосий тамойиллар ўз аксини топди: инсонпарварлик; демократия ва ижтимоий адолатлилик; халқ (бевосита ва билвосита) ҳокимиятчилиги; давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятига бўлиниши; Конституция ва қонунларнинг устуворлиги; шахсий дахлсизлик; мулкнинг дахлсизлиги; фикрларнинг хилма-хиллиги; фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги; барчанинг қонун олдида тенглиги; фуқаро ва давлатнинг бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва бурчларининг ўзаро боғлиқлиги ва бошқалар. Ушбу конституциявий тамойиллар алоҳида қонун ҳужжатлари воситасида тартибга солинадиган муносабатларнинг хусусиятларига қараб тегишли шакл ва усулда ҳуқуқ нормаларида ўз ифодасини топган.
Қонун устувор бўлган жамиятимиз тараққиётига хизмат қилувчи миллий қонунчилигимизнинг шаклланиши ҳам конституциявий тамойиллар асосида рўёбга чиқди. “Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас” - Бош Қомусимизнинг 16-моддасида қайд этилган бу қоида мустақил мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимияти фаолиятида дастуруламал бўлиб келмоқда. Қонун ижодкорлиги борасида тўпланган тажрибалар, ҳаётга татбиқ этилаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти Конституциямизнинг халқчиллиги ва ҳаққонийлигини намоён этиб, мамлакатимиз тараққиётида муҳим асос бўлмоқда.
Демократик давлатчиликнинг ривожланишида халқ давлат ҳокимиятнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Давлат эса, айнан халқ манфаатини кўзлаб, фаолиятини амалга оширади. Шу маънода Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар эса давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, мансабдор шахсларга фақатгина халқ манфаатини кўзлаб фаолият юритиш ваколатини беради.
Жамият аъзоларининг умумий манфаати, яъни барчага баробар — тенглик принципини доимо устувор хусусиятга эга экани Асосий Қонунимизнинг ўзагини ташкил этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Конституциямизда “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши” алоҳида ўрин эгаллаган бўлиб, ҳаётда ушбу меъёрга нечоғлик амал қилинаётгани жамоатчилик назоратида, халқнинг диққат-эътиборида туради. Конституциямизнинг ҳаётийлиги, демократик қадриятларга уйғунлиги, яъни умуминсоний ва миллий қадриятларни нечоғлик ўзида мужассам этгани хусусида сўз юритиб, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан муҳим масалага эътибор қаратган ҳолда фикримизни Конституциямиздаги ҳокимиятлар тақсимланиши принципи (11-модда), жумладан, давлат ҳокимияти тизимининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлинганига оид меъёр мазмунига боғлаган ҳолда давом эттирсак.
Ҳаётий тажрибадан маълумки, давлат ҳокимияти тизимининг уч тармоққа бўлиниши, ҳар бир тармоқнинг мустақил фаолият кўрсатиши учун зарур шароит яратилгани, шу билан бирга мазкур давлат тузилмалари ўзаро боғлиқ бўлиб, улар ўртасида ўзаро мувозанатни сақлаш, тийиб туриш (бири иккинчисининг фаолиятига аралашиб кетмаслиги нуқтаи назардан) принципига қатъий риоя қилинаётгани боис мамлакатимизда нафақат сиёсий барқарорлик, шу билан бирга барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсиш, жамиятда хавфсизлик ва тинчлик ҳукмронлик қилмоқда. Қайд этилган ютуқларнинг гарови ҳам айнан ижтимоий ҳаётнинг бошқарувчиси, локомативи ҳисобланган Конституциямизга содиқлигимиз натижасидир десак, хато қилмаган бўламиз.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида мужассамлаштирган қомусий ҳужжат бўлиб, юртимизда келажаги буюк демократик давлат барпо этилишининг муҳим ҳуқуқий пойдеворидир. Унда баён этилган кафолатлар аҳолининг озод ва обод Ватанда эркин ва фаровон яшаши, эртанги кунга бўлган ишончининг муҳим мезонидир. Буларни қалбига жо этган инсон албатта, шу юрт учун муносиб фарзанд бўлишга, аждодларнинг бебаҳо меросига содиқ бўлган ҳолда ўз диёрини дунёга танитишга интилади. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йили давомида халқимиз эришган барча муваффақиятлар бунинг амалий ифодаси бўлиб, бугун жаҳонда тенглар ичра тенг, ўз салоҳият ва қудратига эга Ўзбекистон давлатининг мавжудлиги шунинг мевасидир.