Мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсадида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг ҳуқуқий асоси, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциясидир.
Конституциямиз ҳар бир шахсга мулкдор бўлиш ҳуқуқини кафолатлаб берди.
Мамлакатимизда бозор муносабатларини босқичма-босқич жорий этиб бориш, бу йўналишда авваламбор ҳар бир шахсда мулкка нисбатан эгалик ҳиссини шакллантириш, ўз мулкий ҳуқуқларини амалга оширишдан манфатдор бўлиш масаласига давлат сиёсати даражасидаги эътибор қаратилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда тадбиркорлик эркинлигига мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилганлиги, тадбиркорлик фаолиятига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ортиқча аралашувларининг олдини олиш борасида кўрилаётган муҳим чора-тадбирларнинг яққол самарасидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда мулкчиликнинг турли шаклларини жорий этиш ва уларнинг тенглигини ҳуқуқий кафолатлаш, мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини айнан ушбу хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши ҳам Асосий Қонунимизда мустаҳкамланган.
Конституциямизнинг 53-моддасида: “бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва хуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, деб белгилаб қўйилган.
Дарҳақиқат, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир. Уни ишлаб чиқишда шахсан Юртбошимиз раҳбарлик қилган бўлсалар, муҳокама этишда, бутун халқимиз иштирок этди.
Ўтган давр мобайнида халқимиз сиёсий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлигига, у халқаро талабларга ҳар томонлама мос келишига ишонч ҳосил қилдик.
Конституциямизнинг халқаро, демократик андоза ва талабларга жавоб беради, жумадан, унда инсон ҳуқуқи, уни ҳимоялашга қаратилган барча кафолатлар алоҳида ўрин тутган. Унинг асосида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳонда Ўзбекистоннинг инсонпарвар сиёсатини намойиш этди.
Қонунларни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормалар ва андозаларга мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган муассасаларнинг яхлит тизимини барпо этиш механизми такомиллаштирилди.
Андижон вилоят адлия бошқармаси ва унинг қуйи тизимидаги давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ бўлимлари томонидан 2013 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига оид 55 маротаба семинар ҳамда 131 маротаба давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, 23 маротаба телевидение орқали, 13 маротаба радио ва 19 маротаба газета орқали чиқишлар қилинди. 19 хил турдаги 3638 адад буклетлар тайёрланиб учрашувлар давомида иштирокчиларга тарқатилди.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек: “халқимиз ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши лозим... зеро, мустақиллик сўзининг замирида ҳам катта, улуғ ҳуқуққа эга бўлиш деган тушунча ётади. Яъни, мустақиллик нафақат ўзини эркин сезиш, ўз ҳаётини қуриш, балки ўз ҳаёт-мамотини ҳал этишда катта ҳуқуққа эгалик ҳам демакдир”.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Ислом Каримовнинг “Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома” эканлиги, у “халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини” акс эттириши, унинг “халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули” экани ҳақидаги ҳикматли хулосалари тўғри ва асослидир.
Конституция – нафақат бугунги куннинг қомуси, балки у эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи ҳужжат, фарзандларимиз йўлини ёритиб тургувчи маёқдир.
Шундай экан, жамиятимиз ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг маъносига етиб бориб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришимиз лозим.