18

Тадбиркорга қанот ҳамфикр, маслакдош ва кўмакчимиз


Маълумки, 2014 йил 17 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг “2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўл­жалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари”га бағишланган мажлисида Юртбошимиз томонидан 6 та устувор йўналиш белгилаб берилди. Жумладан, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда тизимли ишлар олиб борилганлиги натижасида, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 55,8 фоизгача ўсганлиги, уларга қўшимча имтиёзлар бериш, бюрократик тўсиқ, чеклашларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги бўйича муҳим топшириқлар белгиланди.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, адлия органлари томонидан тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, норма ижодкорлиги ва ҳу­қуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан қилиниши лозим бўлган тадбирлар белгилаб олинди.

Андижон вилояти адлия бошқармаси 2013 йил давомида тадбиркорлардан келиб тушган 122 та мурожаатни кўриб чиқиб, қонуний ҳал этди.

Вилоятдаги маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат бош­қаруви ва назорат қилувчи органларда ўтказилган ўрганишларда жами 24332 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Улар юзасидан бош­қарма томонидан 289 та тақдимнома, 839 та огоҳнома ва кўрсатма, судларга тадбиркорлар фойдасига 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириш ҳақида 1895 та даъво ариза, айбдор мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 10 та таклиф киритилди. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида, 254 нафар мансабдор шахс интизомий жазога тортилди, 29 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Тақдимномаларга асосан тадбиркорлик субъектларига 6 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари қайтариб берилишига эришилди. Киритилган даъво аризалар қаноатлантирилиб, тадбиркорларга 8,9 миллиард сўм маблағ ундириб берилди.

Маҳаллий давлат ҳокимликларида ўтказилган ўрганишларда 9 та тадбиркорлик субъектига турли соҳаларда мажбурият юклаш борасида қарорлар қабул қилинганлиги аниқланиб, бу ҳолатлар бўйича бошқарма томонидан тақдимнома киритилди ва натижада, юқоридаги қарорлар бекор қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилди ва ушбу соҳада камчиликларга йўл қўйган ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

2013 йил давомида ўтказилган текширишлар ва ўрганишларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қарорлардан 22 таси қонун ҳужжатларида бир-бирини такрорлайдиган ва бир-бирига зид, тадбиркорликка ортиқча бюрократик тўсиқ келтириб чиқарадиган нормалар белгиланганлиги сабабли бекор қилинди, 53 таси қонун талабларига мувофиқлаштирилди, шунингдек, ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан ижрога қаратилган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари аниқланиб, бошқарма томонидан 2013 йилнинг 17 сентябрь куни вилоятдаги барча туман ва шаҳар ҳокимликларига қонун талабларига зид бўлган қарорлари юзасидан тақдимномалар киритилди.

Тақдимнома натижасида, туман ва шаҳар ҳокимларининг норматив тусдаги 15 та қарори бекор қилинди ва туман ҳокимликларининг 10 нафар ҳуқуқшуноси интизомий жавобгарликка тортилди.

Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, 2011 йилда 60 та, 2012 йилда 20 та ва 2013 йилда эса 7 та ноқонуний текшириш аниқланган бўлиб, адлия бошқармаси томонидан мунтазам равишда назорат қилувчи органлар амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этишлари юзасидан кескин чоралар кўрилганлиги ва кенг тарғибот ишлари амалга оширилганлиги натижасида, ноқонуний текширишлар камайишига эришилди.

Бундан ташқари, ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлигини таъминлаш ҳамда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш мақсадида 24 мингдан ортиқ тадбиркор “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” билан таъминланди. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш билан биргаликда 2013 йил давомида адлия бош­қармаси томонидан 650 нафар тадбиркорнинг текширишларни рўй­хатга олиш китоблари ўрганилди. Мониторинг жараё­нида юздан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан 19 та тақдимнома ва 10 та кўрсатма киритилди. Жумладан, Избоскан туманида жойлашган “Тагус текс­тиль” Ўзбекис­тон — Британия қўшма корхонаси томонидан юритилган текширишларни рўйхатга олиш китоби мониторинг қилинганида, Избоскан туманлараро Давлат архиви ходими Д.Валиев томонидан кенгаш рухсатномаси олинмасдан ноқонуний текшириш ўтказганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича бошқарма томонидан архив ходими Д.Валиевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, суд қа­ро­рига асосан ҳуқуқбузарга энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баравари миқдорида жарима қўлланилди.

Шунингдек, ҳукумат қарори асосида адлия бошқармасида махсус “008” — “Ишонч телефони”нинг ташкил этилганлиги, ҳуқуқлари бузилган тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Ўтган давр мобайнида “Ишонч телефон”ларига мурожаат этган 39 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқ­лари тикланди. Масалан, Асака туманида фаолият олиб бораётган “Анжирзор кўрки” хусусий корхонаси Асака тумани пилла давлат корхонаси томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаётганлигидан норози бўлиб, бош­қарманинг “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганилганда, корхона томонидан пилла давлат корхонасига етказиб берилган қоғоз маҳсулоти учун қарздорлик мавжудлиги аниқланди ва 133 953 525 сўм миқдоридаги пул маблағларини ундириш юзасидан хусусий корхона манфаатини кўзлаб вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилиб, ҳал қилув қарорига асосан даъво қаноатлантирилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, адлия органлари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, уларга нисбатан бўлаётган бюрократик тўсиқлар, чеклашларни аниқлаб бартараф этиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш ва кучайтириш зарур. Бу эса бугунги кун талаби.

Ботиржон МАМАДАЛИЕВ,  Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи