11

Қонунийликни мустаҳкамлаш - ҳозирги куннинг долзарб вазифаси


Ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг бош талаби қонун устуворлигини таъминлашдир. Қонун устувор экан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланади. Мустақил давлатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдаги ислоҳотлар йилдан йилга чуқурлашиб бормоқда.

Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да бу соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи бошлаб берилди. Концепциянинг иккинчи “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш” бўлимида мамлакатимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш борасидаги ташкилий-ҳуқуқий чоралар белгилаб берилди.

“Адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини ўтказишдаги ролини кучайтириш учун уларга зарур бўлган тегишли ваколатларнинг берилиши,- дейилади концепцияда. – Мамлакатимизнинг ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва назорат органлари тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини яратиш имконини беради ҳамда ушбу органлар фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.”

Концепцияда қўйилган вазифаларни дастуриламал деб билган вилоят Адлия бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни оширишга, қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқий таъминлаш, хусусий мулк эгалари, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шартномавий интизомни мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширилмоқда.

Бошқарма томонидан юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш, мамлакатимизда рўйхатдан ўтказилган маҳаллий, шунингдек чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятида қонун хужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш, адвокатура ва юридик ёрдам тизимини ривожлантириш соҳасида ҳам қонунийликни таъминлашда изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Республикамизда олиб борилаётган иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт шароит ва кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Натижада республикамизда хусусий сектор янада ривожланиб, аҳоли турмуш фаровонлиги кўтарилмоқда.

Маълумки, бозор иқтисодиёти шароити асосида давлатни тараққий эттиришда тадбиркорлик субектларининг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан давлатимиз томонидан уларга бир қанча имтиёзлар яратилди, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими соддалаштирилиб ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилди.

Рўйхатга олишни хабардор қилиш тизимини жорий этилиши давлатнинг тадбиркорлик субъектларига бўлган эътиборининг бир кўринишидир. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тизимини янада такомиллаштирилиши, ҳисоботлар топширилиши кескин қисқартилиши, жавобгарликка тортилиш жараёнининг либераллаштирилиши, имтиёзлардан фойдаланишга бўлган реал шарт-шароит ҳамда ҳуқуқий ҳимоя тизимини яратилганлигини мисол тариқасида кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, қаерда тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратилар экан, рўйхатга олиш ва тугатиш ишлари қисқа муддатларда амалга оширилар экан, айнан шу мамлакатлар иқтисодиётига инвестиция жалб қилиш ҳажми ортиб боради.

Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг фаолият юритишлари учун зарур бўлган шароитларни яратувчи бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиндики, бу хақли равишда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.

Қонунийликни таъминлаш суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг бош мақсади экан, адлия идоралари ўзларига берилган ваколат доирасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалари фаолиятида қонунийликни таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат соҳасида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга оширишга интилаверади.

Ахмадилло Исмоилов, Андижон вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси