РЕСПУБЛИКАМИЗДА тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, етарли шароит яратиш мақсадида барча имконият эшиклари очилган. Бироқ айрим қонунбузилиш ҳолатлари ҳам содир этилмоқдаки, натижада, бу ишбилармонларимиз фаолиятига салбий таъсир этяпти.
Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан ана шундай ҳолатларнинг олдини олишга эришиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ибратли ишлар йўлга қўйилган. Йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларидан 29 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан қонун устуворлигига эришилди.
Масалан, Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Давру даврон диёри” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б.Маҳмудов вилоят “Сув оқова” очиқ акциядорлик жамияти билан тузилган шартноманинг ижроси таъминланмаётганлигини маълум қилган.
Гап шундаки, улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, МЧЖ электр двигатели етказиб бериши, ОАЖ эса олдиндан 15 фоизли тўловни амалга ошириши, қолган пулни маҳсулотни олгандан сўнг 90 иш кунида тўлаши керак эди. Гарчи, маҳсулот етказиб берувчи шартнома шартларини бажарган бўлса-да, иккинчи томон тўловни тўлиқ амалга оширмаган ва 125 миллион сўм миқдорида қарз бўлиб қолган.
Ойбек номли хусусий кичик корхонаси эса автомобилларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. У Хўжаобод туманидаги “Бирлашган” қишлоқ фуқаролар йиғинининг “Иттифоқ” массивида жойлашган. Унинг биноси миллий автомагистрал йўли қурилиши муносабати билан маҳаллий ҳокимлик кўрсатмасига асосан бузилган бўлса-да, кўчмас мулкнинг компенсация тўловини тўлаш ишлари пайсалга солинган. Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра, давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида, фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат ёки ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак.
Вилоят адлия бошқармаси ҳар иккала муаммонинг ижобий ечимини топишда тадбиркорларга амалий кўмак берди. Уларнинг манфаатларини кўзлаб, судга киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарорига биноан “Давру даврон диёри” МЧЖга 125 миллион сўм, Ойбек номли хусусий кичик корхонасига 13 627 576 сўм миқдорида моддий зарар ундириб берилди.