10

Тиббий кўрик – оила мустаҳкамлиги асоси


Ўзбекистонимиз ўз мутақиллигини қўлга киритган биринчи кунларданоқ инсон омилини кучайтириш оила мустаҳкамлигини мустаҳкамлашга бўлган эътибор давлат сиёсатиниг устувор йўналиши сифатида қарала бошланди. Чунончи келажаги буюк давлат қуриш, унда яшаётган халқларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган тарзда ҳаёт кечиришини таъминлаш мамлакатимизнинг дунё миқёсида нуфузи ҳамда обрўсини кўтаришда мухим омил бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу борада қатор қонунлар, Президент фармонлари ҳамда қарорлари қабул қилинди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан қабул қилинган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом муҳим аҳамият касб этади. Мазкур низомда унинг амал қилиши никоҳланувчи шахсларнинг фуқаролигидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари тамонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилиши белгилаб қўйилган. Низом талабларига кўра никоҳланувчи шахслар психик, наркологик, таносил касалликлари, сил касаллиги ва ОИВ/ОИТС юзасидан тиббий кўрикдан ўтадилар.

Юртбошимиз ташаббуси билан эълон қилинаётган мазкур номларда инсон бахт саодати, айниқса, оила мустаҳкамлиги учун хизмат қилганлиги бежиз эмас. Шунингдек, Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “2009-2013 йилларда аҳолини репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар шулар жумласидандир. Мазкур қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг биз юқорида тилга олинган қарорлар ижросини сўзсиз таминлашда катта аҳамиятга эга.

Шу ўринда, “Оила мустаҳкамлиги соғлом бола туғилишини таъминлашда никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказилишининг аҳамияти қандай? деган савол туғилиши табиий, албатта. Бу жуда ҳам долзарб вазифа. Биз ФҲДЁ органи вакиллари никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан албатта ўтишлари шартлигига нега аҳамият берамиз? Жавоб аниқ. Кейинги пайтларда қариндош-уруғларда ака-ука, опа-сингиллар ўртасида қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш асосида қуда-андалик бўлиш ҳолатлари учрамоқда. “Бунинг нимаси ёмон, ахир? Яқинлик бир-биримиз билан янада мустаҳкам алоқа боғлаяптику” дейишингиз мумкин. Лекин масалани иккинчи томони ҳам бор. Яқинлар ўртасидаги никоҳни ижобий деб атай олмаймиз. Нега десангиз, бундай никоҳлар доим ҳам биз ўйлаган натижага олиб келмайди. Турли ирсий касалликлар туғилажак бола саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, яъни бола турли нуқсонлар билан дунёга келиши ногирон болаларни дунёга келишиги сабаб бўлиши мумкин. Юқоридагиларни ҳисобга олиб, бўлимимиз ходимлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида аҳамият бераётирлар. Чунки бу тадбир дунёга келажак ҳар бир дилбандимизнинг ҳар жиҳатдан баркамол ва соғлом бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг учун биз туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ва унинг қошидаги “Оила ва никоҳ” марказлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз. 2013 йилда биргина Шаҳрихон туман ФҲДЁ бўлими тамонидан 2449 та ёш оилаларнинг никоҳи қайд этилган бўлса, албатта, тиббий кўрикдан ўтиши назоратимиздан четда қолмади. Юртбошимиз ташаббуси билан эълон қилинган “Соғлом бола” йилида ҳам бу ақидага астойдил амал қилябмиз. Шу асосда никоҳланувчи йигит ва қизлар тиббий кўрикдан ўтиши бунинг яққол далилидир.

Мухтасар қилиб айтганда, бу борада бор имкониятларимиз, билим, маҳоратимиз ва имкониятимизни ишга солишга ҳаракат қиламиз. Зеро, соғлом авлод соғлом жамият таянчи эканлиги барчамизга катта масъулият юклайди.

Шаҳодатхон Саматова, Шаҳрихон туман ФҲДЁ бўлими мудираси