12

Оила қонунчилигининг ҳуқуқий асослари


Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистонда оилани мустаҳкамлашга, ёш авлодни жисмоний ва руҳий соғлом қилиб тарбиялашга катта эътибор бериб келинмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат ҳуқуқий давлатда оилавий муносабатларга оид аҳлоқий нормалар ҳуқуқий қоидалар билан узвий боғлиқдир. Ҳуқуқий нормаларни муайян муносабатларга татбиқ қилиниши, умуминсоний аҳлоқ талабларини амалга оширишни таъминласа, аҳлоқий нормалар эса, ўз навбатида, қонунларни бузмасдан тўғри амалга ошириш, қонун талабларига оғишмай риоя этиш учун зарур ҳиссиётларни туғдиради. Адолат ва тенглик қарор топган демократик жамиятда оилавий муносабатлар юксак идеаллар – муҳаббат, дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат-иззат тамойиллари асосида тузилиши муқаррар. Никоҳнинг озод бўлиши, эр ва хотиннинг никоҳга ўтишининг эркин бўлиши оила муносабатларининг мустаҳкам ва абадий бўлиши учун гаровдир.

Президентимиз Ислом Каримов оиланинг жамиятдаги ўрнига баҳо бериб, шундай дейдилар: “Оила – жамиятнинг негизи, бизнинг давлатимизни ҳам катта бир оила деб тушуниш мумкин ва лозим. Бунда ўзаро ҳурмат ва ҳатто тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирига нисбатан эзгулик билан меҳр-оқибат кўрсатмаса, яхши ва муносиб яшаш мумкин эмас. Оила турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилади, ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади, оилада демократик негизларга асос солинади, одамларнинг талаб-эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади”.

Оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишдан асосий мақсад оиланинг мустаҳкам бўлишидан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик замирида барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан иборат. Ушбу мақсад оилавий муносабатларни тартибга солувчи барча қонун ҳужжатларининг ғояси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциямизда ушбу норманинг мавжудлиги бошқа қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Соғлом фарзанд соғлом ота-онадан туғилади, соғлом оилада камол топади. Бунда эса никоҳ ёши муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида “Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади”.

Президентимиз томонидан 2013 йил 30 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унга мувофиқ никоҳ ёшига амал қилмасликка қарши чора-тадбирлар кучайтирилди. Чунки соғлом фарзанд фақатгина соғлом ота-онадан туғилади. Бунда эса никоҳ ёши муҳим аҳамиятга эга.

Қонунга кўра никоҳ муносабатларига киришишда қонунда белгиланган ёшга амал қилмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Эндиликда никоҳ ёшига етмаган шахс билан оила қурганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригага миқдорда жарима солинади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун ҳам эндиликда жавобгарлик тайин. Бу ҳолат энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Оила кодексининг 53-моддасида мажбуран тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тартиби кўзда тутилган.

Маълумки, инсон бахт-саодати учун оила муҳим ўрин эгаллайди. Зотан, оила – бу яшаш муҳити, инсонни шакллантирувчи макон. Ҳар бир инсон дунёга келгач, оила муҳитида ҳаёт учун зарур бўлган эҳтиёжларини қондириб, вояга етади. Бола оила қучоғида, ота-онаси ва яқин кишилари қуршовида ўзини тўлиқ муҳофазаланган ва бахтли сезади. Оила инсон камолотининг олтин бешигидир.

Мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг такомиллашган тизими вужудга келтирилди.

Хусусан, 2013 йил 30 апрелда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, Оила кодекси ва Фуқаролик прцессуал кодексига киритилган янги меъёрлар болаларни фарзандликка олиш ишларини кўриб чиқишнинг суд тартибида ўрнатилишини кўзда тутади. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши фарзандликка олиш институтини ривожлантириш имконини беради, бу эса ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг оилада муносиб тарбия олишини таъминлайди.

Шунингдек, 2014 йил 2 январда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, энг аввало ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга ёрдам беради.

Шу муносабат билан 2014 йил 20 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, Оила кодексининг васийлик ва ҳомийликка оид бобига тегишли тузатиш ва ўзгаришлар киритилганлигини эътироф этиш ўринлидир.

Қонунларга киритилган ўзгариш ва қўшимчалар миллий анъана ва давр талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Барнохон Расулова, Пахтаобод тумани ФҲДЁ бўлими мудираси