10

ННТлар фаолияти такомиллашмоқда


Бугун мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилаётган кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилаётир. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки олиб борилаётган ўзгаришларнинг изчиллигини таъминлаш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилишдаги ролини кучайтириш мамлакатда қонун устуворлигини эришишда муҳимдир. Дейлик, амалдаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, жамиятдаги камчилик ва нуқсонларни баҳамжиҳатликда бартараф этишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти беқиёсдир. Шу боисдан ҳам Президентимиз бошчилигида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилмоқда. Биргина мисол, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривож­лантириш бўйича бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Дарҳақиқат, бугун сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият ҳаётининг бир бўлаги бўлиб шаклланди. Буни олимлар тилида “учинчи сектор” деб ҳам аташади. Яъни, давлат биринчи, бизнес иккинчи секторларни ташкил этса, фуқаролик жамияти институтлари “учинчи сектор” сифатида тан олинган. Бугун нодавлат нотижорат ташкилотлар таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, ҳуқуқий йўналишларда аҳолининг муайян қисми манфаатларини ҳимоя қилиб, уларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаб келаётир. Дейлик, “Камолот” ЁИҲ сингари ташкилотлар ёшларимизнинг, “Хотин-қизлар” қўмиталари, “Тадбиркор аёл” сингари жамоат бирлашмалари эса аёлларимизнинг суянчиғи, таянчига айланишган. Бундай ютуқлар, албатта, давлатимизнинг жамоат ташкилотларини ривожлантиришга қаратаётган юксак ғамхўрлиги натижасидир.

Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларни фаолиятининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, хуқуқий механизмларини ишлаб чиқишда мазкур ташкилотлар фаолиятини эркинлаштириш ва фаолиятини мустақил амалга оширишда мамлакатимиз Президенти ва Олий Мажлис томонидан турли Қонунлар ва қарорлар қабул қилинган.

Хусусан, 1998 йил май ойидаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонунлар, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 мартдаги 132-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган жамоат бирлашмалари уставини рўйхатга олиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш” Қоидалари ишлаб чиқилиб нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига тадбиқ этилган эди. Бугунда жамиятимиз изчил ривожланган сари нодавлат нотижорат ташкилотларни фаолияти, уни жамиятдаги ўрни ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда жамият талаби ўзгарган сари тақлифлар хам ўзгариб бормоқда. Натижада, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 мартдаги 132-сон Қарори билан тасдиқланган Қоида ўз кучини йўқотиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2013 йил 12 декабрдаги қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қарорига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиблари тубдан ўзгарди. Натижада2014 йилнинг 1 январидан нодавлат нотижорат ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 баравар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 баравар камайтирилди, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари)ни, шу жумладан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун давлат божи ундирилмайди. Ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи мазкур қарор билан тасдиқланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ундирилиши белгиланди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари адлия органлари томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганидек икки ой муддат ўрнига бир ой муддатга ўзгартирилди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилиб нодавлат нотижорат ташкилотларини, шу жумладан уларнинг юридик шахслар ҳисобланадиган алоҳида бўлинмаларини (ваколатхоналари ва филиалларини), шунингдек халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш тартиблари аниқ белгиланди. Бу борада мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг мустақил институтлари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларини ижтимоий-иқтисодий фаоллигини янада ошириб бориш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш борасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий соҳаларида нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз маъсулини тўлақонли беради, десак хеч муболаға бўлмайди.

Зеро, бугунги саъй-ҳаракатлар, қонунчилик асосини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, пировардида, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдек эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишининг энг муҳим гаровидир.