11

Жамиятимиз фаоллари


Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ижтимоий- сиёсий фаоллигини ошириш, уларга кенг шароитлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида фидоий аёлларимизнинг фаоллашиб бораётганлигини кўрамиз. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Хотин-қизлар қўмитаси институтининг жорий қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг, республика хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2004 йил 25 майдаФармони қабул қилинди.

Ушбу фармонга асосан хотин-қизлар қўмиталари раисларининг вазифаларни тақсимлаш бўйича улар зиммасига юклатиладиган ваколатлар доираси жиддий равишда қайта кўриб чиқилди ва фаолиятига кенг йўл очиб берилди. Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат қурилишида фаол қатнашишлари соҳасидаги умуммиллий сиёсатни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва оила спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилди, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари айниқса қишлоқ жойларида уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга қаратилган дастурлар тайёрланди.

Ушбу фармон, айтиш мумкинки, аёлларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳамда давлат қурилиши вазифаларини ҳал этишдаги фаолликларини янада ошириш, эркин меҳнат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишда муҳим туртки бўлди. Бугунги кунда аёл –тадбиркор, ишбилармон, фермер, сиёсатчи, ҳарбий бўлиб эркаклар билан ёнма-ён, елкама-елка фаолият олиб бормоқдалар.

Ушбу фармоннинг асосий мақсадларидан бири жойларда (оила, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида) миллий-диний анъаналарни тушунтириш ва уларга риоя қилиш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, оила муқаддаслиги, давлат ҳимоясида эканлиги, бузғунчи кучларнинг хотин-қизлар онгига таъсир ўтказиш, уларни экстремистик ва террористик фаолиятга жалб этиш йўлидаги уринишларига қарши қаратилган тарғибот ишларни самарали ташкил қилиш ҳисобланади.

Андижон вилоят адлия бошқармаси тизимидаги ФҲДЁ бўлимлари ходимлари томонидан ушбу устувор вазифа ижросини таъминлаш мақсадида туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари, соғлиқни сақлаш муассасалари масъул ходимларини жалб этган ҳолда алоҳида режа асосида жойларда мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, Избоскан тумани ФҲДЁ фаолияти таҳлил қилинганда 2013 йил давомида туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2485 та никоҳ қайд қилинган бўлиб, 2056 тасини ёш оилалар ташкил этади. Ёшларимиз ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилганларида улар билан оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, эр хотиннинг ўзаро, ҳамда келажакдаги фарзандлари олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низомга мувофиқ 5 та йўналиш бўйича тиббий кўрикдан ўтказилган ва натижада туманимизда 2041 та соғлом оила ташкил топган.

ФҲДЁ бўлими қошида ташкил этилган “Ёш оила қурувчилар мактаби” томонидан тумандаги 7 та касб-ҳунар коллежи, 1 та академик лицей билан ҳамкорликда ўқув машғулотлар ташкил этилган. Ўқув машғулотларда “Никоҳ тузиш тартиби, қонуний никоҳнинг аҳамияти, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, соғлом оилани ташкил қилиш, исломда оила маънавияти ” каби мавзулар ёритилиб борилди.

Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Юксак билим ва малакага эга бўлган оқила аёлларимиз ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқларида нуфузли ўринни эгаллаб, хотин-қизларимизнинг, халқимизнинг ишончли вакиллари сифатида фаолият олиб бориши учун кенг имконият очиб берсак, бу ҳолат ижтимоий ҳаётимизда доимий анъанага айланса, ишончим комилки, олдимизда турган барча муаммоларни адолатли ечишда, ҳуқуқий- демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида салмоқли қадам қўйган бўламиз”.

Гулёра Мусаева,  Избоскан туман ФҲДЁ бўлими мудираси