16

Қонун ижроси билан кучли


Кундалик ҳаётимизда айрим фуқароларнинг қонун, қонун ости ҳужжатлари ва жамиятда ўрнатилган бошқа қоидаларга риоя этмасдан, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этишганлигига жуда кўп гувоҳ бўлганмиз ёки бу ҳақида эшитганмиз. Айрим ҳолларда эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар вояга етмаган шахслар томонидан содир этилаётганлиги ачинарли ҳолдир.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг аксарият қисми уларнинг назоратсиз қолган вақтларига тўғри келмоқда. Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар томонидан назоратсиз қолдирилган айрим вояга етмаганларнинг хулқ-атворида секин-асталик билан турли салбий ўзгаришлар содир бўлади. Натижада вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этилишига шароит яратилмоқда.

Бу эса уларнинг келажак ҳаётига қолаверса мустақил давлатимизнинг равнақига ўзининг жиддий таъсирини кўрсатиши мумкин.

Профилактика - маълум бир жараённи олдини олишга қаратилган тадбирлар мажмуи бўлиб, унинг тушунчасини икки хил манода тушуниш мумкин:

1) Профилактика - тиббий маънода касалликларни олдини олишга қаратилган тадбирлар мажмуи.

2) Профилактика - ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи.

Профилактика субъекти бу - жиноятларни олдини олишда бевосита ва билвосита иштирок этувчи юридик ва жисмоний шахслар.

Айни вақтда мамлакатимизда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу муассасаларнинг асосий фаолияти вояга етмаганлар назоратсизлиги, қаровсизлиги, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, уларга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилаларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш, вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир қилишга жалб этиш ҳолларини аниқлаш ва уларга барҳам беришдан иборатдир.

Қонун бузилиш ҳолатларни олдини олиш борасида асосий вазифани жойлардаги ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари зиммасига юклатилган бўлиб, улар томонидан амалга оширилган ишлар албатта ўз самарасини бериб келмоқда.

Бугунга келиб, Сенат томонидан маъқулланиб ижрога қаратилган мазкур қонун билан юқоридаги вазифлар ижроси бўйича тааллуқли органлар зиммасига алоҳида вазифалар ва мажбуриятлар белгилаб берилди.

Жумладан, Қонуннинг 9-моддаси талабларига мувофиқ ички ишлар, прокуратура, миллий хавфсизлик, адлия, божхона хизмати, солиқ хизмати, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари ҳуқуқбузарлик профилактикасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз муносабатини билдириб, ваколати доирасида иштирок этиш жараёнлари белгилаб берилган.

Демак, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш жараёнида деярли барча орган ва муассасалар ўзининг иштироки билан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига, ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда яқиндан ҳуқуқий ва амалий кўмак беради.

Вояга етмаганларни профилактик ҳисобга олиш жуда мураккаб жараён бўлиб, вояга етмаганнинг оилавий шароити, ҳулқи, одоби, қизиқишлари, ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишга мойиллиги, ҳуқуқбузарликда иштирокчилик даражаси, ота-онаси ёки уларни ўрнини босувчи шахсларнинг ҳусусиятлари, оиладаги муҳит каби муҳим омиллар ўрганилади.

Шунингдек, ушбу қонун асосида шахснинг жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини бузувчи турмуш тарзи, 
ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар асосида ишлар олиб борилиши тизимли равишда йўлга қўйилиши муқаррар.

Жойларда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун талаблари ва асосий принцплари асоси бўйича белгилаб берилган вазифалар ва мажбуриятлар тўғри йўлга қўйилиб, ижроси бўйича масъул бўлган мансабдор шахслар ўз ваколати доирасида амалга ошириши лозим бўлган бурчлари бажарилган ҳолатда, юридик ва жисмоний шахслар томонидан, айниқса вояга етмаган ёшлар орасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятчиликларни олди олиниб, натижада республикамизда унинг суръати кескин камайиши назарда тутилмоқда.

Адхам Шайжигитов,

Адлия вазирлиги масъул ходими.

Абдурахмон Таджибаев,

Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими