АНДИЖОН ВИЛОЯТИ адлия бошқармаси томонидан жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларининг қонуний манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиш, хўжалик юритувчи субъектларда шартномавий-ҳуқуқий ишларни яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бошқармага 2014 йилнинг биринчи ярмида жами 380 та ариза ва шикоят келиб тушган. Шунингдек, фуқаролар томонидан қизғин кутиб олинган ҳукумат портали орқали ҳам мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улар сони 15 тани ташкил этади.
Масалан, Андижон шаҳридаги “Саркор қурилиш ҳамкор” хусусий корхонаси раҳбари Ж.Абдуллаевнинг “Сўфиқишлоқ” пахта тозалаш ОАЖ билан 2-сонли шартнома тузганлиги, унга асосан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тадбиркорлик субъекти томонидан тўлиқ бажарилган бўлишига қарамасдан 324.352.301 сўм пул маблағи шу кунга қадар тўлаб берилмаганлиги хусусидаги аризаси ўрганиб чиқилди. Ушбу ҳолат бўйича Андижон вилояти хўжалик судига даъво ариза киритилди. Суд қарорига кўра, тадбиркор фойдасига 324.352.301 сўм асосий қарз ва 20.000.000 сўм пеня ундирилди.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида масъул мансабдор шахслар томонидан тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги юзасидан 10 та ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 8 нафар масъул мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида тадбиркорлар манфаатига зид бўлган 53 та қарор бекор қилинган бўлиб, шундан 3 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 50 таси назорат қилувчи органлар томонидан қабул қилинган.
Хусусан, Булоқбоши тумани ҳокимлигига 2014 йил 20 майда киритилган тақдимномага асосан туман ҳокимининг 2013 йил 11 апрелдаги 151-қ-сонли қарорининг 3-банди билан “Булоқбоши тумани буюм бозори, туман савдо ишлаб чиқариш ва технометалсервис МЧЖларга қора-металл маҳсулотлари билан таъминлаш мажбуриятини юклаш тўғрисида”ги Марҳамат тумани ҳокимлигига киритилган тақдимномага асосан туман ҳокимининг 2013 йил 30 декабрдаги 596-қ-сонли қарорининг 2-банди билан “2014 йил учун темир металл тайёрлаш ва топшириш базасидан Марҳамат 294-МК МЧЖга 9 тонна, туман деҳқон бозорига 14 тонна, Қурилиш-112 МЧЖга 10 тонна, Марҳамат механика МЧЖга 5 тонна темир-металл маҳсулотлари билан таъминлаш мажбуриятини юклаш” ҳақидаги, 2013 йил 28 сентябрдаги 448-қ-сонли қарорларининг 3-банди билан “Марҳамат текстиль қўшма корхонасига 14 нафар, Полвонтош текстиль МЧЖга 14 нафар, Андижон нефть газ қадоқлаш УКга 13 нафар янги иш ўринлари ташкил қилиш мажбуриятилари” юкланган бандлари бекор қилинди.
Киритилган тақдимномалар натижасида 58 нафар мансабдор шахс интизомий жазога тортилган бўлиб, шундан 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Тадбиркорлик субъектлари иштирокида бошқарма ходимлари томонидан туман (шаҳар)ларда “Очиқ эшиклар” куни ташкил қилиниб, ушбу тадбирда тадбиркорлик соҳасида қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатлари, хусусан, Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида кўрсатилган имтиёзлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга “Ишонч телефони”га 1-ярим йиллик давомида 17 нафар тадбиркорлик субъектининг мурожаати келиб тушган ва улар белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Хусусан, Жалақудуқ тумани, Охунбобоев шаҳридаги “Умид-2000” МЧЖ раҳбари Н.Аманбоев “Сўфиқишлоқ” пахта тозалаш ОАЖ ва “Асака-2” пахта тозалаш ОАЖлар томонидан шартнома шартлари бажарилмаганлиги оқибатида моддий зарар кўраётганлиги юзасидан судга даъво ариза киритилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати бўйича унинг манфаатини кўзлаб, шартномага асосан кўрсатилган транспорт хизмати учун тўланиши лозим бўлган қарздорликни ундириш юзасидан вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилди. Натижада “Сўфиқишлоқ” пахта тозалаш ОАЖ ҳисобидан “Умид-2000” МЧЖ фойдасига 101.860.241 сўм ундирилишига эришилди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, улар фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказишларнинг олдини олиш бўйича ҳам бир қанча ижобий ишлар қилинди. 1-ярим йилликда 2 та ҳолатда ноқонуний текшириш ўтказилганлиги аниқланди.
Жумладан, Бўз тумани ДСЭНМ ходимининг “Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларини бузганлиги ҳолати юзасидан вилоят ДСЭНМга тақдимнома киритилиб, унга асосан Бўз тумани ДСЭНМ ходимига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, бошқарма томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини яхшилаш мақсадида белгиланган иш режага асосан доимий равишда жойларда ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида 16 мингдан ортиқ хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 327 та тақдимнома киритилган. Тақдимномаларга асосан интизомий жавобгарликка тортилган шахслар сони 269 тани ташкил қилган. Интизомий жавобгарликка тортилганларнинг 22 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, тақдимнома асосида қайтарилган ёки тўлаб берилган сумма 5 миллиард 293 миллион 887 минг сўмни ташкил этади.
Маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан киритилган таклифларга кўра, 40 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка, 6 нафар мансабдор шахс эса жиноий жавобгарликка тортилди.
Хулоса қилиб айтганда, бошқарма томонидан кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларининг, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Иброҳимжон ТУРҒУНОВ, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи