Ўзбекистонда хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми

Дата: 05.07.2016    

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган дастлабки йиллардан бошлаб мамлакатимиз раҳбари И.А.Каримов раҳнамолигида миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг ўзига хос йўналиши белгилаб олинди. Иқтисодиётнинг ривожланиши ва барқарорлигида инвестицияларнинг беқиёс ўрин тутишини ўз вақтида тўғри англаб етилганлиги натижасида инвестицияларга, хусусан, чет эл инвестицияларига бўлган эътиборнинг кучайиши юз берди, бу эса бугунги кунга келиб мамлакатимиздаги инвестиция фаолиятининг ривожлантирилишига олиб келди. Бугунги кунда ривожланган инвестицион фаолиятнинг йўлга қўйилишини ҳукуматимизнинг юритаётган оқилона инвестиция сиёсатининг маҳсули эканлигини таъкидлаш лозим. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг “Иқтисодиётни таркибий жиҳатдан қайта қуриш, экспорт имкониятини кенгайтириш соҳасида белгиланган йўналишлар кучли инвестиция сиёсатини ўтказиш билангина рўёбга чиқади” - деган кўрсатмалари муҳим амалий аҳамиятга эгадир.

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олувчи ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган сиёсатлар оқилона бир тарзда юритилмоқда, унинг натижаси ўлароқ республикамиз иқтисодий тараққиёт йўлини эркин босиб ўтиш силсиласида ҳаракат қилмоқда. Бундай оқилона яратилаётган сиёсатлар сафига бугунги кунда давлатнинг бош мақсади ва сиёсатларидан бирига айланган инвестиция сиёсатини киритиш мумкин.

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси уларнинг иқтисодий юксалишида фаол инвестиция сиёсати марказий ўринни эгаллашини тасдиқлайди. Шу боис, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадлари унинг инвестиция сиёсатида тўлиқ акс эттирилишини тақозо этади.

Бугунги кунга келиб Республикамизда қулай инвестицион муҳит яратилди, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли имтиёз, афзалликлар ва кафолатлар тизими барпо этилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатлар чет эллик инвесторларнинг ўз фаолиятини амалга ошириш тартиби ва уларнинг ҳуқуқлари кафолатланишини белгилайди.

Шунингдек, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга оид фармонларига асосан, хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарга бир қатор имтиёз ва афзалликлар берилди.

Мисол учун, 2005 йил 1 июлдан бошлаб тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва айрим иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди.

Берилаётган имтиёзларнинг узвий давоми сифатида Юртбошимизнинг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши беш миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб ўн йил мобайнида инвестиция киритилган санада амал қилган солиқ қонунчилиги қўлланилиши кафолатланди.

Шунингдек, 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб берилди.

Шу ўринда эътироф этиш керак, мамлакатимизда чет эллик инвесторнинг Ўзбекистонда олган даромадларини қайтадан инвестиция сифатида киритиш бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ. Чет эллик инвесторнинг даромади, унинг хоҳишига кўра ҳар қандай шаклда ишлатилиши мумкин. Бундан ташқари, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг “Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низомга асосан, вазирликка бу борада алоҳида вазифа ва функциялар юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 2 майдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш вазифаси юклатилган. Адлия вазирлиги тизимида хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ва ҳудудий бошқармаларда тегишли бўлимларнинг ташкил этилиши хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, 2013 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2012 йил 10 апрелдаги Фармонига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Фармони қабул қилиниб, унга асосан 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижий инвестициялар иштирокида янги ташкил этилаётган корхоналар давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб икки йил мобайнида шахсий ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун мол-мулк олиб киришда импорт божхона тўловларини тўлашдан озод қилинишлари кўзда тутилган.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан бу соҳада олиб борилаётган амалий ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳозирда вилоятда мавжуд бўлган 200 дан ортиқ хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Корхоналарнинг аксарияти ўз фаолиятини етарли даражада олиб бориб, мунтазам равишда устав жамғармаларини оширган ҳолда вилоятимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Шу билан бир қаторда, Адлия бошқармаси томонидан вилоятда мавжуд хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Самарқанд тумани, Гулобод қўрғонида жойлашган MChJ shaklidagi “SAM ROS XOLOD” qo’shma korxonasiнинг шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги оқибатида вужудга келган асосий қарз ва пеняни ундириб бериш тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилиб, 2016 йилнинг январ ойида Самарқанд вилоят хўжалик судига “Самарқанд пўлатмонтаж” МЧЖ ҳисобидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги натижасида вужудга келган 54 127 516 сўм асосий қарз ҳамда 26 414 220 сўм пеняни MChJ shaklidagi “SAM ROS XOLOD” qo’shma korxonasi фойдасига ундириш тўғрисида даъво аризаси киритилган. Вилоят хўжалик судининг 04.03.2016 йилдаги 14-1616/3617-сонли иш юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарорига асосан қўшма корхона фойдасига 5 282 844 сўм пеня ундирилиши белгиланди.

Шу каби, бошқарма томонидан MChJ shaklidagi “UZBEK-HENAN INDUSTRY" qo’shma korxonasiнинг шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги оқибатида вужудга келган асосий қарз ва пеняни ундириб бериш тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилиб, хўжалик судининг 22.03.2016 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан қўшма корхона фойдасига 16 200 000 асосий қарз ҳамда 3 240 000 сўм пеня ундирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Адлия бошқармаси томонидан вилоятнинг шаҳар ва туманларида мунтазам равишда тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилмоқда. Ўтказиладиган тадбирлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали эълонлар берилиб, Адлия бошқармаси, маҳаллий ҳокимият ва назорат қилувчи идоралар вакиллари иштирокида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил этилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида қулай инвестиция муҳитини яратиш учун қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва шакллантирилган ҳуқуқий ҳимоя тизими янада кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга тўлиқ имконият яратади.

Д.Тайлаков, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси