Янгиликлар
ННТ фаолияти такомиллашмоқда
Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Манфаатдор бошқармалар ва идоралар, учинчи сектор вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларга яратилган шароит ва имтиёзлар, соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар тўғрисида тушунтириш берилди.
Ушбу ҳужжат ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Семинар иштирокчилари сўнгги йилларда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратганини эътироф этдилар.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини оширишни қонуний мустаҳкамлаб қўйилганига урғу берилди.
Қатнашчилар қонунчиликдаги кейинги янгиликлар, хусусан, Адлия вазири буйруғи билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шакллари, ННТнинг, шу жумладан диний ташкилотлар, халқаро ва хорижий ННТ ваколатхоналари ва филиалларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларига, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларига бериладиган аккредитация карточкасининг шакли билан таништирилди.
Учинчи секторнинг адлия органларига тақдим этадиган ҳисобот шакллари соддалаштирилган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, ҳисоботларни тўлдиришда ортиқча қийинчилик туғдирмайди.
Бундан ташқари мазкур низом ўзида ННТ, шу жумладан диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларни адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди.
Анжуманда соҳага оид қонунчиликни жойларда кенг тарғиб қилиш, ижросини таъминлаш бўйича амалий таклифлар ўртага ташланди. Турли мулоҳаза ва таклифлар билдирилди, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.