Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

ҚАДРИ БАЛАНД БУЮК БАЙРАМ


Адлия вазирлигида Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик шодиёналарига бағишлаган тадбир ташкил этилди.

Адлия вазири ўринбосари А.Усманов мамлакатимизда тарихан қисқа вақт ичида ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилганлигини, бу муваффақиятларга бағрикенг, меҳнаткаш халқимизнинг юксак ақл-заковати, жасорати, фидойилиги натижасида эришилганлигини аниқ далиллар орқали алоҳида қайд этди.

Ёқилғи-энергетика, нефть-кимё, автомобилсозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, капитал қурилиш, замонавий автомобиль ва темир йўллар, коммуникация тармоқларини барпо этиш, миллий қадриятларимизни тиклаш, баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари барчамизга чексиз ифтихор бахш этмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини изчил ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор вазифаси даражасига кўтарилди. Биргина, жорий йилнинг ўзида қабул қилинган тарихий ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур соҳа ривожидаги имтиёз ва кафолатлар тизимини янада мустаҳкамлади.

Халқимизнинг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, бунёдкор меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил Ўзбекистон давлати пайдо бўлди.

Истиқлол бизни дунё билан тенглаштирди. Мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсати, уни жаҳонда мустақил давлат сифатида тан олинишини таъминлади, мана-ман деган давлатлар билан дипломатик, сиёсий, иқтисодий, илмий – техникавий ва маданий алоқалар кенгайиб бормоқда.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳоли, айниқса кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ижтимоий эҳтиёжларга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бораётганини, биргина 2014 йилда бу рақам 60 фоиздан ортганини мазкур йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ишларимизнинг амалий натижасидир.

Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани барчамизга фахр уйғотади.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга адлия органлари ва муассасалари ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганлиги эътироф этилди.

Тадбирда мамлакатимиз Президентининг Мустақилликнинг 24 йиллиги байрами муносабати билан, тизимда самарали меҳнати ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун 9 нафар адлия органлари ва муассасалари ходимларининг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганликлари ҳақидаги Фармони ўқиб эшиттирилди.

Байрам тадбирида шунингдек, тизимда фидоийлик ҳамда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ адлия органлари ва муассасалари ходимлари ҳам тақдирландилар.

Сўзга чиққанлар, мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз нурафшон бўлишини тилаб, қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида бундан кейин ҳам мавжуд имконият, билим ва иқтидорларини тўлиқ сафарбар этишларини таъкидлаб ўтдилар.