Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Тадбиркорлик – фаровонлик асоси


Термизда “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида конференция-семинар бўлиб ўтди. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Сурхондарё вилоятида хусусий секторни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш борасида фикр алмашилди. 

Соҳада эришилаётган ютуқлар давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва тараққиётнинг “ўзбек модели”, сифатида дунёда тан олинган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасидир. Шунга мувофиқ, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар берилиб, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлашга эътибор кучайтирилди. Молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий, ахборот-маслаҳат, аудиторлик, риэлторлик, интерактив ва бошқа замонавий хизматлар кўрсатиш тизими кенг жорий қилинди. Айни пайтда Ўзбекистонда барча хўжалик юритувчи субъектларнинг 90 фоизи хусусий бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам соҳага қаратилаётган юксак эътибор самарасидир. 

Бундай ишлар Сурхондарё вилоятини ҳам саноати ривожланган, иқтисодий барқарор ҳудудга айлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот 9,8 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари 10,3, қурилиш-пудрат ишлари 11,2, қишлоқ хўжалиги 20,5, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 12,3 фоиз ўсишга эришилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 22 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Хусусий сектор томонидан 766,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 671,6 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 506,4 миллиард сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилди. 

Айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган 10 минг 750 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектини молиявий қўллаб-қувватлаш учун жорий йилнинг ўтган даврида 563,4 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Яратилаётган бундай имкониятлар тадбиркорларнинг янги турдаги сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариши, экспорт ҳажмини оширишига хизмат қилмоқда. Шу йилнинг ўтган олти ойида вилоятда 37 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 124,8 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири М.Икромов, Сурхондарё вилояти прокурори Б.Қудратхўжаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиз тараққиётидаги ролини янада ошириш, мавжуд тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. 

Анжуманда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. 

– Мазкур қонун асосида мамлакатимизда хусусий секторнинг ролини тубдан ошириш ва ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш учун назорат қилувчи органлар, хусусан, давлат солиқ хизмати ходимлари зиммасига катта вазифалар юклатилди, – дейди Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳимов. – Шунга кўра, назорат қилувчи органларнинг 50 дан ортиқ идоравий норматив ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, амалиётга жорий қилинмоқда. Масалан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни тартибга солишга қаратилган меъёрларга киритилган ўзгартишлар туфайли режали солиқ текшируви учун белгиланган даврийлик муддатлари бошқа назорат органларига ҳам татбиқ этилди. Уларнинг фаолиятига асоссиз аралашган, ноқонуний текшириш ўтказган назорат органлари мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексида жавобгарлик нормалари кучайтирилди. Шунингдек, жисмоний шахс ёки оилавий корхона тураржойидан ёки ер участкасидан тадбиркорлик мақсадида фойдаланса, мол-мулк ва ер солиқларини жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкалар бўйича тўлаши белгилангани ва бошқа қатор имтиёз ҳамда преференциялар соҳага кўрсатилаётган эътибор самарасидир. 

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги фармони фаолиятимизни янада ривожлантириш, ҳуқуқ ва манфаатларимизни ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан қувонарли бўлди, – дейди Ангор туманидаги “Жозиба инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исматулло Рўзиев. – Мазкур фармон бизни фаолиятимизни янада кенгайтириш, маҳсулот ишлаб чиқариш тури ва кўламини оширишга ундайди. Биз аҳолига савдо хизмати кўрсатамиз, қишлоқларда намунавий уй-жойлар барпо этмоқдамиз. Профнастил, черепица ишлаб чиқарадиган замонавий корхонамиз мавжуд. Тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, хориждан пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган технология келтириб ўрнатдик. Тижорат банкининг ажратаётган кредитлари кўмагида амалга ошираётган бу каби ишларимиз ўттизга яқин қўшимча янги иш ўрни яратиш имконини берди. 

Конференция-семинарда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиқди.