Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Тадбиркорлик соҳасига оид қонунчиликнинг такомиллашуви


Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани “Тадбиркорлик соҳасига оид қонунчиликнинг такомиллашуви” мавзусига бағишланди. Унда ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимизда яратилган кенг кўламли имтиёз ва преференцияларнинг аҳамияти, соҳага оид меъёрий ҳуқуқий базанинг такомиллашув жараёнлари тўғрисида журналистларга атрофлича маълумот берилди.

1.jpg

Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини чеклашга доир изчил чоралар кўрилиб, иқтисодий ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизм яратилгани ўз самарасини бермоқда.

Яқинда пойтахтимизда “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида бўлиб ўтган конференция-семинар, шунингдек минтақаларда ўтказилган шу мавзудаги тадбирларда иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари буни яна бир карра тасдиқлади.

Матбуот анжуманида муҳокама этилаётган мавзуга дахлдор далил ва рақамлар келтирилди. Хусусан, айни пайтда ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиз ўрнига 56 фоизга етган, ушбу секторда аҳолининг 77 фоиздан ортиғи меҳнат қилаяпти.

Эътироф этиш жоизки сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда) ва бошқа ўн бешдан ортиқ қонунлар қабул қилинди.

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш учун қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Фармон ижроси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонунга биноан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатига дахл қиладиган 40 дан зиёд қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ундаги ҳуқуқий меъёр ва қоидалар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини равнақ топтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақобатбардош товарларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали экспорт имкониятларини кенгайтиришга мустаҳкам замин яратади.

Муҳим бир жиҳат, Жиноят кодексининг 180 ва 181-моддаларида қайд этилган қилмишларни содир этган шахс етказилган моддий зарарни уч карра миқдорида қоплаган тақдирдагина, унга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмас эди. Энди етказилган моддий зарар ўрни қопланишининг ўзи тадбиркорга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслигини кафолатлайди. Бу каби янги жорий этилган ҳуқуқ нормалари мулкдорлар моддий аҳволининг барқарорлигини таъминлабгина қолмай, уларга катта маънавий куч ва фаолиятини янада ривожлантиришга далда беради.

Сир эмас, ҳар қандай текшириш тадбиркорни асосий фаолиятидан четлаштириб, уни турли сарсонгарчилигу оворагарчиликларга рўбарў қилади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли жорий этилди. Ушбу тизим тадбиркорларнинг қонуний хуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилаётган текшириш устидан тўлиқ мониторинг ўрнатиш ва унинг қонунийлиги бўйича назоратни таъминлаш имкониятини яратади. Учрашувда ушбу он-лайн тизими, ундан фойдаланиш тартиби хусусида тушунтириш берилди.

Анжуман иштирокчиларининг эътибори янги қонунчилик нормаларининг амалда сўзсиз қўлланилишини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари билан ишни самарали ташкил этишга доир аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида урғу берилди. Ушбу мақсадда адлия ва прокуратура органлари томонидан жойларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга оид ҳолатлар ўрганилмоқда. Хусусан, жорий йилда ўтказилган ўрганишларда назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятида 150 ҳолатда ноқонуний текширишлар ўтказгани, мингдан ортиқ ҳолатда текширишларни ўтказиш тартибини бузганлиги, 40 дан ортиқ ҳолатда эса тадбиркорларнинг маблағлари ноқонуний жалб этилгани ва кўплаб ҳолатларда лицензия ва рухсатномалар бериш тартиб-таомилларига риоя этилмагани маълум бўлди.

1.jpg

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларининг бузилиши, ваколатлар доирасидан четга чиқиш, қонун ҳужжатлари нормалари ва қоидаларини нотўғри талқин қилиш ҳолатларини тизимлаштириш учун маълумотларнинг йиғма базасини шакллантириш мақсадида идоралараро комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Ҳукумат қарори билан тизимда ташкил этилган махсус 1-008 рақамли “Ишонч телефони” тадбиркорлик субъектларига ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ҳақида зудлик билан тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтирди. Ушбу ҳаракатлар натижасида 2015 йилнинг биринчи ярим йилида тадбиркорлик субъектларидан 400га яқин мурожаатлар қабул қилиниб, улар тегишли тартибда кўриб чиқилди.

Учрашувда мутахассислар оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларга жавоб бердилар. Журналистларнинг фикрича, олинган маълумотлар соҳага оид материаллар тайёрлашда ишончли манбаа бўлиб хизмат қилади.