Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

Фаолият сарҳисоб қилинди


1.jpg

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Адлия вазири М.Икрамов бошқарган мажлисда 2015 йил давомида адлия органлари ва муассасалари томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидлаганидек, адлия вазирлиги томонидан ўтган йилда 77 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 18 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 958 та қонун ҳужжати ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 1693 та қарорлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан, 394 та идоравий меъёрий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Қонунчиликдаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, тегишли вазирлик ва идоралар олдига 218 та идоравий меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш масаласи қўйилди.

Ўрганишларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 6363 та тақдимномалар киритилиб, давлат органларининг 1219 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди. Судларга киритилган 108 миллиард сўмдан ортиқ даъво аризалар қаноатлантирилди.

Вазирликда чет эл расмий делегациялари билан 20 та учрашувлар, шунингдек ходимлар иштирокида 46 маротаба чет эл сафарлари ташкил этилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси ўз вақтида бажарилиб, 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан 3 та қонун лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Адлия органларида иш самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ, ходимларнинг касбий даражасини, ҳуқуқий ва махсус билимларини юксалтириш, вазирлик тизимида ижро интизомини кучайтириш ва функционал вазифаларини аниқ бажариш юзасидан амалий чоралар кўрилди.

Ўтган йил сарҳисоби, юртимизда тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилганлигини кўрсатади. Бу борада адлия органлари ходимлари ҳам самарали фаолият кўрсатдилар.

Айтиш лозимки, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилгани натижасида бундай салбий ҳолатлар кескин камаймоқда. Аввалги йиллар билан таққослаганда қонун бузилиш ҳолатлари ҳисоботларни қабул қилишда 92 фоизга, лицензия ва бошқа рухсатномаларни расмийлаштиришда 81 фоизга, текширишлар тартибини бузиш ҳолатлари эса 52 фоизга камайди. Қўзғатилган жиноий ишлар доирасида ўтказилган 152 та текширишларда адвокатлар иштироки таъминланди. Тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашган 128 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 105 нафар тадбиркорнинг фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказган айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кўриб чиқилди.

Текширишларни назорат қилиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон тизими” жорий этилди. Бу ноқонуний аралашув ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш имконини бермоқда. Ноқонуний аралашувларни чеклашда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

1.jpg

Мажлисда фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳолда, баъзи йўналишларда хато ва камчиликларга такроран йўл қўйиш ҳолатлари мавжудлиги кескин танқид қилинди. Хусусан, айрим адлия органлари ва муассасалари томонидан ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига етарли эътибор қаратилмаганлиги оқибатида, улар ижроси бўйича зарур қарорлар белгиланган муддатларда қабул қилинмаган. Иш режалар ижросини таъминлашда ҳам бир қатор камчиликлар кузатилган. Етказилган зарарларни суд орқали ундириш бўйича ваколатлардан ўз вақтида фойдаланилмаган. Фаолиятида йўл қўйилган бундай хато ва камчиликлар бўйича масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Мажлисда Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ҳамда қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, туман ва шаҳар ҳокимликлари қарорлари лойиҳаларини ўз вақтида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, қабул қилинадиган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича зарур чоралар кўриш, Давлат нотариал идораларини малакали кадрлар билан таъминлаш, “Ягона дарча” марказларида бюрократик тўсиқларга йўл қўйилмасликни қатъий назоратга олиш юзасидан қатор тадбирлар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.