Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Миллий қонунчилигимизда инсонийлик


Миллий қонунчилигимизда инсонийлик
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3666-сон Қарори билан Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилган бўлиб, улардан бири фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш қайд этилган.
Жумладан фуқаро Джалилова Лилия Усеиновна Қувасой шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўзига тайинланган пенсиядан 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўмга чегирма қўйилиб, кам тўлаётганликларини, бу қарздорликда унинг айби йўқлигини, мазкур ҳолатни суд орқали қайта кўриб чиқиб, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорини қонунга хилоф деб топиб, адолатли қарор чиқарилишида амалий ёрдам беришни сўраган. Фуқаро Л.Джалилова 1948 йил 16 апрель куни Қувасой шаҳрида туғилган, миллати татар, II-гуруҳ ногирони ва ҳозирда Қувасой шаҳар, Гулистон МФЙ, Б.Машраб кўчаси, 10-уйда I-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғи билан бирга яшаб келмоқда. Л.Джалилова соғлиғи ёмонлиги сабабли 25.02.1998 йилда II-гурух ногиронлик билан пенсия тайинлашни сўраб Ижтимоий таъминот Қувасой шаҳар бўлимига мурожаат қилган. Тақдим этган ҳужжатларини кўриб чиқиб 13.02.1998 йилдан 3571 сўм миқдорида II-гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлаган. Шундан сўнг, Фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига асосан босқичма-босқич оширилиб келинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.10.2018 йилдаги ПФ-5553-сон Фармонига асосан фуқаронинг пенсия миқдори 01.11.2018 йилдан бошлаб 1 265 035,20 сўмга етказилган. БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими 2018 йил декабр ойида Фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдорини камайтириб қўйишди. Бунинг сабабини сўраб мурожаат қилганида Фуқаро Л.Джалилованинг мурожаатига жавобан берилган маълумотномада Пенсия жамғармаси маблағларини мақсадли ва манзилли сарфланиши юзасидан бўлимда ўтказилган текшириш жараёнидан унга тегишли пенсия йиғма жилди ўрганилганда пенсия миқдорини ҳисоблаш жараёнида инобатга олинган 1993-1997 йиллардаги иш хақлари бир йиллиги жамланиб январь ойига хато киритилганлиги, 1993-1997 йиллардаги ишлаб олган ойлик иш ҳақи миқдорлари ойма-ой киритилганда бир ойлик пенсия миқдори 1 265 036 сўмдан 902 429,69 сўмга камайганлиги, натижада ўтган даврлар учун (13.02.1998 йилдан 30.11.2018 йилга қадар) жами 21 897 287 сўм миқдорда жамғарма маблағлари ортиқча тўланганлигини, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарори билан пенсия миқдорига 30 фоиз миқдорида чегирма қўйиш орқали ундиришга қаратилганлиги маълум қилинган. Шунингдек, Фуқаро Л.Джалилова 1998 йилда II-гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлашни сўраб мурожаат қилганида барча иш ҳақларини ойма ой кўрсатилган ҳолда маълумотнома тақдим этган. Ваҳолангки шундан сўнг фуқаро Л.Джалилова пенсия жамғармасига пенсия миқдорини қайта ҳисоблашларини сўраб мурожаат қилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 65-моддаси б-банди 2-хат боши қоидасига кўра, пенсионер Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади. Амалда ундирувчи БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан мурожаатчини хабардор қилмай, юқоридаги қоидалар қўпол равишда бузилиб, 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарори билан 1998 йил 13 февралдан 2018 йил 30 ноябргача бўлган давр учун 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўм ортиқча тўланган деб асосиз (ноқонуний) ҳисобланган ва 30 фоиз миқдорида чегирма қўйишга нотўғри хулоса қилинган. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2016 йил 5 октябрдаги 77-сон буйруғи билан тасдиқланган “Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирма қилиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 11-банди 3-хат бошида “техник хато” деб, дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ хато эътироф этилиши белгиланган. Бундай хато деб, шунингдек пенсия таъминотига оид имтиёзларни қўллашда нотўғри шарҳлаш (услубий китоб, қўлланма ва кўрсатма хатлар фойдаланган ҳолда), пенсия ҳисоблаш учун қўлланиладиган иш ҳақини қайта ҳисоблашда коэффициентларни нотўғри танлаш, пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш учун бошланғич маълумотларни нотўғри кўрсатиш, пенсия ва нафақаларни икки маротаба ўтказиб юбориш, бир давр учун бир нечта асосларга кўра тўлашни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоб-китоб қоидаларига риоя этмаслик ҳам тушунилади.
Мазкур йўриқноманинг 12-банди қоидасига кўра комиссия қарори асосида чегирмалар қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида – 10 фоиз. Мазкур ҳолатда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарорининг асос қисмида “дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш” баён қилинган бўлсада, 30 фоиз миқдорида чегирма қўйишга нотўғри қарор қилинган.Бундан ташқари БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорига асос ҳисобланган, бўлимда ўтказилган текширишда аниқланган ортиқча тўлов жадвалида “Хато камчилик сабаби: Иш ҳақлари дастурга нотўғри киритилиши натижасида ортиқча тўлов” – деб баён этилган. Бу ҳолатда қонунчилик ва ҳуқуқий мантиқийлик хато тайинланиш сабабли келиб чиққан барча оқибатларнинг хато эканлигини англатади, яъни хато тайинлаш хато тўловни келтириб чиқарган. Бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086-сон Қарори 28-банди, 2-хатбошисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 2019 йил 1 январь ҳолатига пенсияларни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида аниқланган фуқароларга ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш вазифаси топширилган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан тегишли тартибда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарори билан фуқаро Л.Джалиловага пенсияни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида 1998 йил 13 февралдан 2018 йил 30 ноябргача бўлган давр учун аниқланган 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўм ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра ва қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаро Л.Джалилованинг мурожаатини мазмунан кўриб чиқиш ва конституциявий ҳамда фуқаровий ҳуқуқларини амалга оширишда амалий ёрдам бериш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган “Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан Қувасой шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳар маъмурий судига мансабдор шахс хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш юзасидан шикоят аризаси киритилди ва миллий қонунчилигимизнинг инсонийлик тамойилиги асосланган ҳолда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорини қонунга хилоф деб топишни;
БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими зиммасига ижтимоий адолат ва инсонийлик принципларини инобатга олиб фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдоридан аниқланган ортиқча тўлов миқдорини (қарздорликни) ҳисобдан чиқариш мажбуриятини юклаб бериш сўралди.
2019 йил 30 апрель куни Қува туман маъмурий суд томонидан Қувасой шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида адлия бўлимининг фуқаро Л.Джалилованинг манфаатларини кўзлаб киритган мазкур талаблари қаноатлантирилди.
Изоҳ ўрнида шуни айтиш лозимки қонунлар инсон омили ва инсонийлик тамойилини устун қўйиши – ҳуқуқни тўғри қўллаш амалиётини изчил ва бир хилдалигини таъминлашда эътибор бериш лозим бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим жихатларидан биридир. Бунда миллий ҳуқуқ тизимнинг роман-герман ҳуқуқ оиласига мансублигидан англо-саксон ҳуқуқ оиласига кўчиб ўтишини (суд прецеденти устун бўлиб қолишини) олдини олиш, шахсни давлат муассасалари, ташкилотлари ва корхоналари томонидан “судга бор” “судни қарори керак”, “буни фақат суд хал қилади” қабилидаги рад этишларига нисбатан чек қўйиш, аниқ ёки мавҳум бўлган ҳуқуқий норма – қоидаларини агар у жамият ва ўзга шахслар манфаатига дахл қилмаса мурожааат қилувчи шахснинг фойдасига ёки ҳуқуқлари тикланишиги талқин этиш лозим бўлади.

Қувасой шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси
3-даражали юрист Э.Комилов