Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

“Фарғона вилояти Адлия бошқармасидан ишдан ҳайдалган 5 нафар нотариат ходимлари ишга тикланди” номи остида эълон қилинган хабарларга Фарғона вилоят адлия бошқармасининг муносабати


      Шу кунларда “Kun.uz” сайтида “Фарғона вилояти адлия бошқармасидан ишдан ҳайдалган 5 нафар нотариат ходимлари ишга тикланди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада суд қарори вилоят адлия бошқармаси бошлиғи томонидан бажарилмаганлиги таъкидлаб ўтилган.
Мақоладаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, яъни суд қарори бўйича ижро ҳужжатлари адлия бошқармасига 21 ноябрь куни келиб тушиб, 22 ноябрда тегишли буйруқлар қабул қилинганлиги ва суд қарори ижроси таъминланган.
      Шу билан бирга, ушбу ходимларнинг ишдан бўшатилишига олиб келган сабаблари ҳақида бироз тўхталиб ўтсак.
      Фарғона вилоят адлия бошқармасининг жорий йил 27 августдаги буйруғига асосан Бувайда туман 1-сон, Фарғона шаҳридаги 6, 7 ва 13-сон ДНИларинг жами 7 нафар ходими Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
      Нимагадир мақолада фақат 5 нафар нотариат ходимлари ҳақида сўз боради.
Фарғона шаҳар 6-сон ДНИ ходими Д.С., 7-сон ДНИ ходими Х.Қ. ва 13-сон ДНИ ходимлари А.М. ва И.А. микрокредит ташкилотининг икки нафар ходимига ҳимояланган “Нотариус” ААТга кириш учун логин ва пароллар бериб, тизимдан ноқонуний фойдаланишга йўл қўйиб беришган. Фарғона шаҳар 6-сон ДНИ ходими А.А эса бегона шахсларнинг ҳимояланган фойдаланишдаги VPN тармоғига WiFi орқали уланиши ва “Нотариус” ААТга киришини таъминлаб берган.
      Худди шундай, Бувайда туман 1-сон ДНИ ходимлари Л.Ғ. ва Н.О. ДНИ биносига туташ бўлган “Мебеллар уйи”даги алоҳида хонага нотариус хонасидан ҳимояланган VPN тармоғига уланган сим тортишган, бу орқали микрокредит ташкилотлари ходимларига “Нотариус” ААТга ноқонуний кириши учун шароит яратиб беришган.
Микрокредит ташкилотлари ходимлари ўзларига кредит олиш учун мурожаат қилган фуқаролар билан тузиладиган айрим гаров шартномалари маълумотларини “Нотариус” ААТ қонунга ҳилоф равишда киритган ҳамда гаров шартномалари лойиҳаларини тайёрлаб берган. Кейинчалик, фуқаролар тайёр ҳужжатлар билан фақат нотариус имзоси ва муҳрини қўйдириш учун нотариусларга мурожаат қилиб келган.
     Юқорида қайд этиб ўтилган ДНИ ходимлари ўз хатти-ҳаракатлари билан бегона шахсларга “Нотариус” ААТдан миллионлаб фуқаролар ёки юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларини олиш, тарқатиш ёки улардан бошқа ғараз мақсадларда фойдаланиши учун имконият яратиб берган.
     Ушбу ходимлар ўз ҳаракатлари билан:
нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини бузган (“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси);
ҳужжатлар лойиҳалари ДНИ ходимлари томонидан тайёрланмаганлиги учун тўлов ундирилмаслиги керак бўлса-да, жисмоний ва юридик шахслардан ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ортиқча маблағ ундирган (“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси);
моддий манфаат олиш мақсадида нотариал идорада ишламайдиган бегона шахсларнинг ҳимояланган “Нотариус” ААТдан ноқонуний равишда фойдаланиши учун шароит яратиб берган (Жиноят кодексининг 278-2-моддаси).
     Ушбу хатти-ҳаракатлари билан ходимлар “Нотариат тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига, Адлия вазирлигининг ички ҳужжатларига, ички меҳнат тартиб-қоидаларига риоя этмаганлиги, бу меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган бир марта қўпол равишда қонун бузилиши бўлганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинган.
     Шу ўринда қайд этиш жоизки, ўхшаш ҳолатда Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 30 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Бувайда тумани 1-сон ДНИ нотариуси Л.Ғ. ўз лавозимига ишга тикланиши белгиланган эди.
     Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 29 октябрдаги ажримига асосан Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 30 сентябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогар Л.Ғ.нинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилмаган.
     Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг тегишли қарори чиқарилгач, ҳолат бўйича қўшимча ахборот берилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 17 октябрдан 14 ноябрга қадар Адлия вазирлиги томонидан Фарғона вилояти Бувайда туман 1-сон, Фарғона шаҳар 6, 7 ва 13-сон ДНИ фаолияти текширилганда, нотариуслар томонидан қўпол қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
      Хусусан, ҳужжатларни қалбакилаштириш, тақиқда турган автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш, фуқаролардан нотариал ҳаракатни амалга оширганлик учун ортиқча ёки аксинча кам тўлов ундириш, ваколати бўлмаган шахснинг нотариал ҳаракатда иштирок этиши, натижада мулк бошқа шахсга ўтиб кетганлиги, эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулкларини тасарруф этишда розилиги олинмаганлиги ва бошқа ҳолатлар аниқланган.
      Ҳозирда текшириш натижалари бўйича тўпланган материаллар прокуратура органларига ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилган.