Янгиликлар
Устувор вазифалар муҳокамаси
Фарғона вилоятида адлия бошқармаси ва суд департаменти вилоят ҳудудий бошқармасининг навбатдан ташқари кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н.Йўлдошев иштирок этди ҳамда тизимнинг бугунги фаолияти, истиқболдаги муҳим ва устувор вазифалар хусусида маъруза қилди.
Дастлаб адлия вазири сўнгги йилларда вазирлик томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб, бу борада қонунийликни таъминлаш, ишларни тўғри режалаштириш, назорат тадбирлари сифатини ошириш, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш самарадорлигини кучайтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш, инсон ҳуқуқлари ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқининг ҳимоясини таъминлаш каби вазирлик ваколатидаги бир қатор муҳим соҳа ва йўналишлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги, суд-ижро ишлари, тадбиркорлик, шартномавий муносабатлар, адвокатура, халқаро-ҳуқуқий муносабатлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва таълим йўналишида амалга оширган ишлар самараси салмоқли бўлмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёни тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Тезкор ислоҳотлар жараёни адлия органлари ваколатларини ҳам қонунчилик асосида такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятида текшириш сонини чеклаш, қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар беришга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишида адлия тизими ходимлари фаол иштирок этдилар.
Йиғилишда вилоят адлия бошқармаси ҳамда суд департаменти вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ижобий ишлар эътироф этилиб, фаолиятда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар танқид қилинди.
Адлия бошқармаси марказий аппарати, тизимга кирувчи ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идоралари, шунингдек суд департаментининг вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари иштирок этган мазкур мажлисида бошқармаларга янги тайинланган раҳбарлар таништирилди.
Шундан сўнг адлия вазири томонидан вилоятдаги жисмоний ва юридик шахслар вакиллари билан бевосита мулоқот ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати, самарадорлигини янада ошириш, уларга муносиб шарт-шароитлар ва қулайликлар яратиш мақсадида кейинги йилларда Давлат дастурлари асосида янгидан барпо этилган ва бугунги кунда босқичма-босқич қурилаётган вилоятдаги ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариал идораларининг янги ва замонавий бинолари кўздан кечирилиб, бу борада тегишли кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди.