Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Очиқликнинг ҳуқуқий асослари


Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар адлия бошқармасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида “Очиқликнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида анжуман ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги Қoнун мазмун-моҳияти ва уни амалиётда қўллашнинг муҳим жиҳатлари атрофлича муҳокама этилди.

Анжуманда қайд этилганидек, мамлакатимиз Конституциясида Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги ҳақидаги муҳим норма мустаҳкамлаб қўйилган. Қолаверса, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида ҳам давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган.

Maмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги Қoнун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш сари қўйилган демократик қадамлардан бири саналади.

Сўзга чиққанлар, Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборотдан фойдаланишини таъминлашга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгарлигини оширишга, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилашга доир асосий вазифалари белгиланганлигини ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг принциплари тартибга солинганлигини, бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келишини таъкидлашди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Қонунда ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари белгиланди. Қонун қабул қилингунга қадар фаолиятга доир сўровлар амалдаги “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган бўлса, эндиликда ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Хусусан, бундай ҳуқуққа эга бўлган мухбирлар бўлажак мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар ҳақидаги ахборотни олдиндан олиш, аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда аккредитация қилувчи органнинг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларида бўлиш, ўзини аккредитация қилган органлар томонидан ўтказиладиган мажлислар, кенгашлар, брифинглар (матбуот конференциялари) ва бошқа тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Тадбирда сўзга чиққанлар Қонун энг аввало, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилишини, фуқароларнинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг давлат органлари фаолиятига оид ахборотлардан хабардор бўлиш имкониятини янада кенгайтиришини қайд этишиб, уни амалиётда самарали қўллаш механизмлари юзасидан бир қатор тавсиялар билдирдилар.