Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

31

Электрон ҳужжат айланиши – амалда


Тошкентда “электрон ҳукумат”га босқичма-босқич ўтишни таъминлаш мақсадида яратилган “e-Hujjat” электрон ҳужжат айланиши тизимининг янги версияси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва шериклик” қўшма лойиҳаси ҳамда “UNICON.UZ” давлат шўъба корхонаси томонидан ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Президентимиз Ислом Каримов ахборот-коммуникация ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги чора-тадбирлар ва лойиҳаларни амалга оширишнинг аҳамияти тўғрисида алоҳида тўхталди. Йиғилиш якуни бўйича мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқишни жадаллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Электрон ҳужжат айланиши тизими “электрон ҳукумат”нинг муҳим таркибий қисмларидан бўлиб, электрон ҳужжат айланиши тизимини амалиётга муваффақиятли жорий қилиш давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда хусусий сектор ва аҳоли ўртасидаги ўзаро алоқалар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда ахборот жамиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 майда қабул қилинган “Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппаратида, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ягона ҳимояланган электрон почтани ва электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий қилишда муҳим омил бўлди. Унинг ижроси доирасида “UNICON.UZ” давлат шўъба корхонаси томонидан вазирлик ва идоралар ягона ҳимояланган “e-Hujjat” электрон ҳужжат айланиши тизимига уланди. Бугунги кунда мазкур тизимга 150 ташкилот, жумладан, давлат ташкилотлари уланган.

”UNICON.UZ” давлат шўъба корхонаси директорининг ўринбосари Xислат Ҳасановнинг таъкидлашича, “e-Hujjat” электрон ҳужжат айланиши тизими БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва шериклик” қўшма лойиҳаси кўмагида модернизация қилинди. Унинг янги версияси саноат стандартлари ва технологияларини ҳисобга олган замонавий платформа асосига қурилган бўлиб, қонуний ҳужжат алмашинувини ташкил қилиш, ягона ҳисобга олиш тизимини яратиш, ҳужжатлар ижросини тизимлаштириш ва назорат қилишни ташкил этиш бўйича қарорлар қабул қилиш жараёни ва мавжуд иш юритиш тизимини такомиллаштириш ва автоматлаштиришга мўлжалланган.

“e-Hujjat” тизими платформаси бошқа электрон ҳужжат айланиши тизимларига мос бўлиб, турли вазирлик ва идоралар, ташкилотларнинг мавжуд ва янги дастурий иловалари билан ўзаро боғлиқ ҳолда ишлатилиши мумкин.

Тақдимот доирасида “электрон ҳукумат” бўйича синов лойиҳаларини амалга ошириш ва интеграциялашда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорлик ва Жиззах вилоят ҳамда туман ҳокимликларида “e-Hujjat” электрон ҳужжат айланиши тизимидан фойдаланиш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.