Янгиликлар
Ҳуқуқий ислоҳатлар самараси
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ШТБИХга бевосита бўйсунувчи Фарғона сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказида “Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги қабул қилинаётган қонунлар ва уларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Марказ бошлиғи ва ўринбосарлари, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ва вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари, ўқитувчилар, Марказ тингловчи ва курсантлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейин бевосита Президентимиз раҳбарлигида суд-ҳуқуқ саҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганлиги, мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги концепция ишлаб чиқилганлиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфатларини таъминлаш мақсадида, янги қонунлар қабул қилиниб, амалга тадбиқ этилаётганлиги алоҳида таъкидланди йиғилишда.
Сўзга чиққанлар, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, 1992 йил 8 декабрда давлатимизнинг асосий қонуни Конституциямиз қабул қилиниши билан ҳокимият қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимиятидан иборат бўлганлиги, жиноят кодексининг 87 та жиноят таркиби бўйича жазолар енгиллаштирилганлиги, улардан 26 тасидан қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо чоралари чиқарилганлиги, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг тоифаси 86 тадан 196 тага кўпайганлиги, шунга муносиб равишда унча оғир бўлмаган жиноятлар, оғир ва ўта оғир жиноятлар туркуми камайганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 сентябрь кунги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ва унинг амалиётга қўллашни энг муҳим масалари юзасидан ўз фикр-мулохазаларини билдириб, мазкур қонунга асосан, гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда уй қамоғи қўлланилиши каби масалалар белгиланганлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида тингловчи ва курсантлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар ва тегишли қарор қабул қилинди.