Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Тадбиркорликка кенг йўл


Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа субъектларининг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг молия ва статистика ҳисоботлари тизимини янада соддалаштириш вазифалари белгилаб берилган. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ушбу қонуннинг Фарғона вилоятидаги ижросига бағишланди. Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, Фарғона вилояти давлат ҳокимияти органлари вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг раиси Б.Иминов мамлакатимизда кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи кучга айланганини таъкидлади. Буни Фарғона вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда 18 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти, 14,8 минг нафардан зиёд якка тартибдаги тадбиркор, шунингдек, 7,7 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳудудий ялпи маҳсулотдаги улуши 2012 йил якунларига кўра 61,8 фоизни ташкил қилди.

Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари 2012-2015 йилларга мўлжалланган ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжатларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу аҳоли даромадини оширишга ёрдам бермоқда. Ўтган йили вилоятда ташкил этилган 92,4 мингта янги иш ўрнининг 76 фоизи кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳаси улушига тўғри келмоқда.

Вилоят тижорат банклари томонидан барча молиялаш манбалари ҳисобидан 2010-2012 йилларда ва шу йилнинг биринчи чорагида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига қиймати 880,4 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди.

Йиғилишда Фарғона вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.