Янгиликлар
Одам савдосини тўхтатиш – ўз қўлимизда.
Одам савдосини тўхтатиш – ўз қўлимизда.
Маълумки, бугунги кунда одам савдоси дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бири бўлиб, у ҳудуд ва чегара танламайди. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳонда тахминан 2 миллион 800 минг киши мазкур жиноят қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси, жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. Айрим кишиларнинг ишонувчанлиги, етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, бу жиноятнинг оммалашувига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги пайтда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиб, давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга қўшилди. Шунингдек, мамлакатимиз парламенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга ҳамда одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча ҳужжатлар имзоланди. 2008 йилнинг 17 апрелида "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуннинг ҳамда 2008 йилнинг 8 июлида "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори билан юқоридаги қонун нормалари амалга янада самарали тадбиқ этилмоқда.
Хорижий экспертларнинг таҳлиллари натижасида нолегал меҳнат миграциясининг бир неча йирик йўналишлари мавжудлиги исботланган. Булар: Шарқий Европа ва Африка мамлакатларидан Ғарбий Европага, Марказий ва Жанубий Америкадан АҚШ ва Канадага, Жануби-шарқий Осиё ва Ҳиндихитой ярим оролидан Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга, Марказий Осиё мамлакатларидан Россия ва Форс кўрфази мамлакатларига борадиган йўналишлардир.
Афсуски, ноқонуний меҳнат миграцияси муаммолари мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Айрим шахслар ишлаш учун норасмий равишда бошқа мамлакатларга йўл олмоқдалар. Бу эса одам савдоси билан шуғулланиб бойлик орттириш умидида юрган кимсаларга қўл келмоқда. Шу боис, республикамизда бу иллатга қарши курашиш масалаларига давлат миқёсида катта эътибор қаратилган.
Одам одамни пуллаш эвазига фойда кўриши қанчалик қабиҳлик бўлмасин, бу мудҳиш жиноят уюшган гуруҳларнинг асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Одам савдосига қарши курашишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш зарур. Одам савдосини олдини олиш, унинг келиб чиқиши мумкин бўлган омилларни заифлик нуқталарини олдини олишга тўғри келади. Аксарият ҳолларда одам савдоси билан шуғулланувчилар ва жабрланганлар келиб чиқишидан бир-бирига яқин бўлади. Бир тилда гаплашишади. Баъзан яқин қариндош бўлиши ҳам кузатилган. Шунинг учун барчамиз бу соҳада ниҳоятда хушёр бўлишимиз лозим.
Одам савдосига қарши курашда биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа тегишли идоралар томонидан кўрилаётган чоралар ва амалга оширилаётган ишларнинг ўзи камлик қилади. Бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг муайян қисми ҳам одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиликнинг олдини олиш, бунда аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг хабардорлик даражаси ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноятчилик қурбонларига руҳий-маънавий, тиббий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга доир чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ўз навбатида, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларнинг ўзлари бу масалага жиддий эътиборини қаратган ҳолда, хатоликларга йўл қўяётган фуқароларни огоҳлантиришлари ва одам савдоси қурбони бўлиб қолишдан асрашлари ҳам лозим. Бир сўз билан айтганда, одам савдосини тўхтатиш – ўз қўлимизда. Бу тадбирларнинг янада самарадорлигини таъминлашда эса ваколатли органларга маҳалла-кўй, ўқув юртлари, жамоат ташкилотлари янада фаол иштирок этиши самарали натижа беради.
Зеро, чет мамлакатга чиқмасдан ҳам бугунги кунда юртимизда яратилган имконият ва шароитлардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланиш, даромад топиш мумкинлиги у қадар исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатлиги барчага аён бўлиб улгурди.
Қува туман адлия
бўлими бошлиғи
А.Зулфиқоров