Янгиликлар
18
Ҳуқуқий билимларни ошириш мақсадида савол ва жавоблар
Cавол:
Бир ҳафтага оилавий дам олишга кетмоқчиман. Ўша кунлари фарзандим боғчага бормайди. Боғчага борилмаган кун учун пул тўлашим шартми?
Жавоб:
Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола боғчага келмаган ҳолларда жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.
Тўловни камайтириш учун ота-оналардан бири сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ариза (билдиришнома) ёзиши шарт.
Бунда боланинг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади.
Демак, мактабгача таълим муассасаси олдиндан ёзма огоҳлантирилган бўлса, бола боғчага бормаган кунлари учун пул тўланмайди.
Cавол:
Қўшним ярим тунда телевизор овозини баланд қилиб кўриб, бизни дам олишга қўймайди. Эътироз қилсак, ўзимни уйим, ҳоҳлаган ишимни қиламан дейди. Бундай ҳолатларда фуқароларга жавобгарлик борми?
Жавоб:
Албатта, маъмурий жавобгарлик мавжуд. Тунги вақтда соат 23:00дан 06:00гача фуқароларнинг осойиштилиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни:
Баланд овоз билан қўшиқ айтиш;
Мусиқа чалиш;
Товуш сингналлари бериш;
Хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитафонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш;
Турар жой биноларида ва уларнинг ташқарисида жуда зарур бўлмаган ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек, маиший шовқинга қарши курашиш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми (67 минг 576 сўм), мансабдор шахсларга эса энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан (67 минг 576 сўм) иккидан бир қисмигача (101 минг 365 сўм) маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Cавол:
Яқинда янги уй сотиб олдим, лекин бу уйга ҳали ҳеч ким пропискага қўйилмаган. Шу ҳолатда сув ва канализация учун тўловларни қай тартибда тўлайман?
Жавоб:
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига кўра фуқаролар пропискадан ўтказилмаган хонадонларда, сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда, ичимлик сув ва канализация хизматлари учун тўловлар қуйидагича амапга оширилади:
бир ва икки хонали уйларда — бир киши ҳисобидан;
уч хонали уйларда — икки киши ҳисобидан;
тўрт хонали уйларда — уч киши ҳисобида;
беш хонали уйларда — тўрт киши ҳисобидан.
Cавол:
Фоторадарга тушдим, жарима тўлаш ҳақида қарорни беришди. Лекин уни тўлашга ҳозир маблағим йўқ, бу тўловни қанча муддатда амалга оширсам бўлади?
Жавоб:
Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами: 2240) кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб олтмиш кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тўлаши лозим.
Cавол:
Баъзи вақтларда фарзандимизни дам олиш кунлари ҳам боғчага бериш зарурати туғилади. Бу ҳақда қонунчиликда қандайдир тартиб белгиланганми?
Жавоб:
Ҳа, белгиланган. “Давлат мактабгача таълим муассасаларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга (рўйхат рақами: 3123) мувофиқ мактабгача таълим муассасалари томонидан қуйидагилар бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин:
дам олиш кунлари ва мактабгача таълим муассасасида иш куни якунлангандан кейин болани парваришлаш, унга қараб туриш, уни ўқитиш;
ўқув дастурдан ташқари спорт-соғломлаштириш (каратэ, таэк- вондо, сузиш, шахмат, шашка, гимнастика, массаж ва бошқалар) тўгараклари,
бадиий-эстетик (хор, рақс, тасвирий санъат ва ҳоказолар) тўгараклар, фанлар бўйича тўгараклар (чет тиллари, математика, ақлий арифметика, мантиқ, информатика ва бошқалар).
Мазкур ҳужжатга кўра, қўшимча хизматларнинг нархлар прейскуранти мактабгача таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади.
Мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилиниши мумкин.
Бунинг учун фарзанди қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларда тарбияланишини истаган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тегишли мактабгача таълим муассасасига ариза билан мурожаат қилади ҳамда улар ўртасида шартнома тузилади.