Янгиликлар
Ҳисобга олиш тартиби
Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари ходимларига тушунтириш бўйича жойларда ўқув семинарлар ташкил этилди.
Маълумки, мамлакатимизда бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ва мавқеи ошиб бораётганлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари муайян ижтимоий, ахлоқий ва маиший тартиб қоидаларига риоя қилиш, тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат аҳилликни таъминлашга хизмат қиладиган маънавий ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ўтаб келаётганлиги, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари - маҳаллалар фаолиятини тубдан янгилаш, уларни жамиятимиз таянчига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, маҳалланинг роли ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва уни амалда қўллаш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартиби ҳақида атрофлича тушунтириш бериб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланаши, белгиланган намунадаги муҳрга эга бўлиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиниши кераклиги, шу муносабат билан юқоридаги Қонунга мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги, мазкур қарор асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом тасдиқланиб, ушбу Низомда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш, ушбу Низомга мувофиқ ҳисобга олиш фуқаролар йиғини жойлашган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яънитуман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан амалга оширилиши белгиланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ҳам аниқ белгилаб берилди.
Ўқув машғулоти давомида вилоят Статистика бошқармаси, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари ходимлари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтдилар.
Тадбир ниҳоясида инспекциялар фаолиятида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (фуқаролар йиғини)ни, фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида соҳага оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш, ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни жорий этиш мақсадида машғулот давомида таъкидланган иш юритиш тартиби бўйича берилган тушунтиришлар ва кўрсатилган намунавий ҳужжатлар асосида иш юритиш амалиётини барча инспекциялар томонидан ҳам ўз иш фаолиятларига жорий этиш, фуқаролар йиғини ҳисобга олинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида реестрдан олинган маълумотларни тегишли давлат статистика ва солиқ хизмати органларига расмий равишда доимий тақдим этиб бориш амалиётини йўлга қўйиш, белгиланган шаклда ва тартибда фуқаролар йиғинларининг тегишли реестрини, муҳр ва штамплар китобини юритиш ҳамда уларга тегишли маълумотларни доимий равишда киритиб бориш ва уларни амалиётда тўғри қўллаш бўйича ўз назарий ва касбий билимларини ошириш устида ишлашлари бўйича тегишли тавсиялар берилди.