Янгиликлар
25
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда Фарғона вилояти адлия бошқармаси билан ўзаро ҳамкорликда
2020 йил 25 февраль куни Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда Фарғона вилояти адлия бошқармаси билан ўзаро ҳамкорликда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ривожланишида интеллектуал мулк объектларининг ўрни ва интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат” мавзусида семинар ўтказилди.
Мазкур семинар ишида Интеллектуал мулк агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Монопогияга қарши курашиш қўмитаси, Фарғона, Андижон, Наманган вилоят адлия бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари, Ҳунармандлар уюшмаси Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси, Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасалари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашишди.
Семинарнинг мақсади кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш, ҳудудий адлия бўлинмаларининг контрафакт маҳсулотларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш усуллари борасидаги амалий кўникмаларини ошириш, ҳунармандлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари муҳофазасини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш ҳамда “Made in Uzbekistan” брендини кенг жамоатчилик ўртасида кенг оммалаштириш тизимини муҳокама қилишни назарда тутади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш, соҳадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига ўтказилди.
Ўтган қисқа давр мобайнида соҳада бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан,
2019 йил 1 мартдан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилганидан сўнг бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни ягона ва доимий янгиланиб борадиган интеграциялашган маълумотлар базаси (http://baza.ima.uz)га жойлаштириш тизими ҳамда 2019 йил 1 сентябрдан товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномаларни электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш тартиби жорий этилди.
Семинар давомида мамлакатимизда интеллектуал мулк муҳофазаси, соҳанинг асосий йўналишлари, ноҳалол рақобат муҳитида интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашда Савдо-саноат палатасининг ўрни каби мавзуларда маърузалар қилинди.