Янгиликлар
08
Фуқароларнинг саволларига жавоблар
1 савол: Меннинг 2 нафар фарзандим бор, отаси хизмат сафарида, уларни бири 2-синфда ва иккинчиси ДМТМ тарбияланувчиси бўлиб, уларни хар иккиси ҳам 16 мартдан буён уйдалиги сабаб мехнат таътили олиб уларга уйда қолиб қарашга мажбурман, бироқ менга ишхонамда жавоб бермаяпти шу тўғрими?
Жавоб: нотўғри, чунки бундай холларда иш берувчи ходимнинг розилиги билан масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш ёхуд иш хақи сақланмаган холда таътил берилиши лозим. Низомга асосан Меҳнат таътили карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиси бўлган боланинг ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиси, яъни 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчининг ота-она (улар ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий)сига берилади.
2 савол: Мени ёшим 50 да, 2-тип қандли диабет касаллигига чалинган ва 10 йилдан буён “Инсулин” препаратини олиб келаман. Касаллигимни инобатга олиб уйдан туриб ишлашга хақим борми?
Жавоб: ха, чунки бундай холларда иш берувчи ходимнинг розилиги билан уйда ишлашга вақтинча ўтказиши лозим. Низомга асосан уйда ишлашга ўтиш ҳуқуқидан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланади.
3 савол: Мен кўп бора масофадан туриб ишлаш, масофадан туриб ишлаяпмиз деган сўзларни эшитяпман, масофадан туриб ишлаш нима дегани?
Жавоб: Масофадан иш деганда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.
4 савол: Менга раҳбарим томонидан масофадан туриб ишлайсиз деб айтмоқда, бундай ишласам иш хақим камайиб кетмайдими, масофадан туриб ишлаганимда иш хақим қандай тўланади?
Жавоб: Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади, яъни меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади, иш хақингиз миқдорига таъсир этмайди.
5 савол: Ходимларни уйда туриб ишлаши нима дегани?
Жавоб: Уйда ишлаш - ходим яшаш жойи бўйича ёки унга ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишни англатади ва уйда ишлашни ташкил этишга, иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ уйда ишлашни амалга ошириш учун зарур бўлган шароитлар, шу жумладан турар-жойи бўлган тақдирда йўл қўйилади.
6 савол: Мен оилавий шароитимдан келиб чиқиб уйда ишлашга ўтмоқчиман, агар уйда ишлашга ўтсам иш хақим қандай тўланади?
Жавоб: Уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади, яъни меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг уйда ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда ёҳуд меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида.
Саволларга Бувайда тумани адлия бўлими бошлиғи
Умиджон Назиров жавоб берди.