Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Фарғонада байрам шукуҳи


Фарғона шаҳрида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллигига бағишланган “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, меҳнат жамоалари вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида халқимиз онгу шуурида, тафаккурида, ҳаётида улкан ўзгаришлар юз бераётганини, миллий қадрият ва анъаналаримизни қайта тиклаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги ишлар тинч ва осуда ҳаётни мустаҳкамлашга, келажакка бўлган қатъий ишончни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг шу йил 12 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жойларда “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида адабий-бадиий кечалар, давра суҳбатлари, турли маданий-маънавий тадбирлар ташкил этилмоқда. Янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари фойдаланишга топширилмоқда.

Ўтган 22 йил давомида Фарғона вилоятида ҳам бетимсол ўзгаришлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, замонавий ва миллий меъморий ечимга эга кўплаб иншоотлар қад ростлади. Кенг ва равон йўллар қурилди. Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ўзининг бетакрор таровати билан бугун нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларни ҳам ҳайратга солмоқда.

Қутлуғ байрам арафасида Фарғона янада чирой очмоқда. Таълим, тиббиёт муассасалари, корхона ва ташкилотлар атрофи, кўча ва хиёбонлар ободонлаштирилмоқда. Фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган замонавий уй-жойлар, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа иншоотларда қурилиш ва сўнгги пардозлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Тадбирда шаҳар ва туманлардаги турли жабҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ илғорлар тақдирланди. Она Ватанни, истиқлолни, тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.