Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Коронавирус пандемияси шароитида иш берувчининг ходимлар олдидаги мажбуриятлари?


        Бирлашган миллатлар ташкилоти тавсифига кўра, бутун дунё бўйлаб тарқалган пандемия инсоният тарихидаги сўнгги юз йилликда учраган энг жиддий муаммолардан бири бўлиб турибди. Бугунги кунда коронавирус инфекцияси глобал хавф сифатида дунё мамлакатларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий муаммосига айланди.
    Давлатимиз раҳбари томонидан короновирус тарқалишини олдини олиш, пандемиянинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиниб, кечиктириб бўлмайдиган зарур чоралар кўрилмоқда.
    Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 март кунидаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарори қабул қилинди.
    Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди ҳамда идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралар кўрилиши белгиланди.
    Бу борада, иш берувчининг ходимлар олдидаги мажбуриятлари қуйидагилардан иборат бўлади.
    Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги буйруғи билан “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. (Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3228-сон)
    Мазкур Низом коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида  давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ходимларини масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.
    Хўш, масофадан ишлаш деганда нима тушунилади?
    Бунда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.
Низом талабларига кўра, масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин бўлган ходимлар асосан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлардир. Улардан кейин, бошқа ходимлар масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин.
    Масофавий ишлаш учун албатта, ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказишда иш берувчи томонидан вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақида муддати кўрсатилган буйруғи чиқарилади.
    Масофавий ишга ўтказилганда иш берувчи ва ходим ўртасида илгари тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартириш киритилади ва меҳнат шартномасида масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олинади.
    Масофавий ишга ўтказиш юзасидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришларда Меҳнат кодексининг 73-моддасида назарда тутилган шартлар билан бир қаторда қуйидагилар кўрсатилади:
    иш берувчи ва ходим ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқалар тартиби;
    ходимнинг меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар ва/ёки техника воситаларидан фойдаланиш тартиби, агар томонлар тарафидан ходимга тегишли жиҳозлар ёки техника воситаларидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув мавжуд бўлса;
    иш берувчи билан доимий алоқаларини таъминлаш мақсадида ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланиш;
    иш берувчи томонидан ходимга берилган жиҳозлар ва техникаларнинг ходимнинг айби билан бузилганда, етказилган зарарни ходим томонидан иш берувчига қоплаб бериш билан боғлиқ шартлар;
    ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун шахсий жиҳозлар ёки техника воситаларидан, шунингдек алоқа воситалари, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган тақдирда харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари;
    ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;
    ходимни ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда доимий иш жойига ўтказиш шартлари.
    Бундай ҳолда, ходим ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда иш вақти ва давомийлигини мустақил белгилайди.
    Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди.
    Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
    меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида — ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.
    Ходим масофавий ишга ўтказилганда унинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақланиб қолинишлиги белгилаб қўйилган.

                                Тошлоқ туман адлия бўлими бошлиғи А.Каримов